Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Норбоева, “Better Cotton Initiative” дастурлари вакили Рэйчел Беккет ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси И.Ҳайдаров ўртасида “Better Cotton ҳамда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ўртасида 2023-2024 йилларда Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар режаси”, яъни “Йўл харитаси” имзоланди.

Ҳужжатни имзолаш маросими “Тўқимачилик ҳафталиги” доирасида ўтказилган “Тўқимачилик саноатида ижтимоий тадбиркорлик” мавзуидаги форум доирасида амалга оширилди.

– Кучли сиёсий ирода туфайли Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари тизими тубдан ислоҳ қилиниб, фуқаролик жамияти вакиллари ва халқаро ҳамкор ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Соҳага оид қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий база мустаҳкамланди. Хусусан, ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нисбати янада мувозанатли, тенг мавқеда мустаҳкамланди.

Конференцияда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро Молия корпорациясининг тикувчилик саноатида муносиб меҳнат стандартлари ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Better work” қўшма дастурини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича лойиҳага старт берилди.

Таъкидлаш лозим, “Better work” ҳамда “Better Cotton Initiative” қўшма дастурининг Ўзбекистонда амалга оширилиши тикув-тўқимачилик саноатига замонавий, энергия тежовчи технологияларни кенг татбиқ этиш, ишлаб чиқаришнинг экологияга таъсирини камайтириш билан бирга ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилади.

Ўз навбатида, бу Ўзбекистон пахта-тўқимачилик саноатида инвестицион муҳитни яхшилаш, соҳага дунё тўқимачилик саноатида тан олинган брендларнинг кириб келишига, энг асосийси, кўплаб янги иш ўринлари яратилишига имкон яратади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА