Шимолий Корея Халқаро денгиз ташкилотини 31 май-11 июнь оралиғида биринчи разведка сунъий йўлдоши учиришни режалаштираётганидан хабардор қилди. Бу ҳақда мазкур тузилмага таяниб, “Yonhap” ёзган.

КХДР расмий хабарида эса, жумладан, “Сунъий йўлдош учирилиши билан боғлиқ маълумот Япония қирғоқ-қўриқлаш хизматига етказилди”, дейилган.

Халқаро денгиз ташкилотининг Лондондаги бош қароргоҳига келган электрон хатда КХДР ва Жанубий Корея вақти билан 31 май ярим тундан 11 июнь ярим тунгача бўлган давр сунъий йўлдош учирилиши вақти сифатида кўрсатилган.

Мактубда ракета қисмлари ёки блоги бўлаклари тушиши эҳтимоли мавжуд учта жой ҳам кўрсатилган.

“Yonhap” таъкидлашича, Пхеньян илк бор 2016 йил Халқаро денгиз ташкилотини сунъий йўлдош учириши ҳақида хабардор қилган эди. Нашр қайд этишича, мазкур тузилмага аъзо давлатлар бундай режалар юзасидан ташкилотни хабардор қилиши шарт эмас.

ЎзА