Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хатори Такаши билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида сўз борди.

Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланганидек, Япония Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб, кунчиқар мамлакат ҳукумати кўмагида юртимиз тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш, кадрлар тайёрлаш каби йўналишларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Япония томонидан мамлакатимиз учун тақдим этилган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган махсус тиббий контейнерлар олис ҳудудларда яшовчи юртдошларимизни ҳам замонавий тиббий хизматлар билан қамраб олиш имконини бераётганини билдирди.

Япониянинг “Sojitz” корпорацияси билан ҳамкорликда жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида Самарқанд шаҳрида 800 ўринли клиниканинг қурилиши бошланиши режалаштирилган бўлиб, бу Самарқанд вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш имконини беради.

Ушбу давлатнинг бир қанча тиббиёт олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, қўшма таълим дастурлари асосида тиббиёт мутахассислари тайёрланмоқда. Учрашувда тиббий таълим соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Япония томонидан “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасида юртимиз тиббиёт муассасаларига замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилиш учун грантлар ажратиб келинаётгани уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Учрашувда мазкур дастур доирасида яна учта лойиҳа бўйича грант шартномалари имзоланди.

Шунга кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали, Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика перинатал марказини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун грант маблағлари ажратилади.

Мулоқот чоғида Хатори Такаши Япония бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳисса қўшишда давом этишини маълум қилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА