Кўп мамлакатларда, жумладан, республикамизда ҳам фармацевтика саноатининг жадаллик билан ривожланиши доривор ўсимликлар хомашёсига бўлган талабнинг кескин ортишига сабаб бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 мартдаги “Республикада каврак плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда экспорт қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатимизда каврак плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш кенг йўлга қўйилди.
Кавракнинг ер юзида 160 дан зиёд турлари, Ўрта Осиё республикаларида 104, мамлакатимизда эса 50 тури учрайди. Мазкур ўсимлик республикамизнинг Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасининг қумли чўллар, адир, тоғ ва тоғолди ялангликларда, тупроқли ерларда ўсади.
Кавракнинг елим-смоласи халқ табобатида ўпка сили, ўлат, захм, кўк-йўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларни даволаш учун, ҳамда қувват берувчи, балғам кўчирувчи ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида қўлланилади. Илмий медицинада коврак елим-смоласи – “ассафетида” номи билан кукун, эмульсия ва тиндирма (настойка) ҳолида оғриқ қолдирувчи, балғам кўчирувчи, қувват берувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади ва кўпгина давлатлар фармакопеясига киритилган.
Кейинги пайтларда катта даромад манбаи бўлган каврак ўсимлиги ва хомашёсидан назоратсиз, режасиз ҳамда нотўғри фойдаланиш натижасида каврак табиий майдонлари анча қисқарди. Ўрганишларга кўра, табиий каврак майдонлари 2019 йилда 33 минг гектар бўлган бўлса, 2021 йилда 17 минг гектарга камайиб кетган. Олинган шира ҳажми ҳам 2019 йилда 104 тонна ўрнига 2021 йилда 50 тоннага тушиб қолган. Шу кунларда кавракчиликни ривожлантириш ва ундан унумли фойдаланиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Президентимизнинг 2022 йил 27 апрелдаги “Республикада каврак етиштиришни ривожлантириш ва саноатлаштиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони кавракни етиштиришдан то тайёр маҳсулот шаклида экспорт қилиш, сотиш бозорларини кенгайтиришгача бўлган жараёнларда давлат кўмагини кенгайтиришга қаратилган, – деди Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов. – Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудларда кавракчилик кластерларини ва кўчатчилик хўжаликларини ташкил қилиш, шунингдек, кластерлар томонидан йиғиб олинган хомашёни қайта ишлаш, маҳсулотнинг четдан импорт қилинадиган материаллари ва ускуналарни олиб киришда давлат божларидан озод қилиш, янгидан маданий плантациялар ташкил қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда йиғилган хомашёни ярим тайёр маҳсулот қилиб экспорт қилиш ҳажми оширилиши белгиланди.
Фармон билан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмасига ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаш, маданий каврак плантацияларини ташкил этиш, кавракни қайта ишлаб тайёр маҳсулот шаклида экспорт қилиш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича тизим яратиш вазифаси юклатилди.
Бухоро Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида каврак етиштириш ва йиғиш билан шуғулланувчи уй хўжаликлари ва каврак кўчатчилиги хўжалигини бирлаштирувчи кооперация усулидаги кавракчилик кластерларининг ташкил этилиши, 2026 йилгача 39 миллион доллар миқдорда инвестиция киритиш, 14 минг 210 та янги иш ўринларини яратиш, 30 минг гектар майдонда кавракни маданий усулда кўпайтириш режалаштирилган. Бу жараён босқичма-босқич давом эттирилади.
Таҳлилларга кўра, жаҳон бозорида 1 килограмм каврак ширасининг ўртача нархи 150-200 АҚШ доллар бўлиб, маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан 47-50 доллардан экспорт қилинмоқда. Ваҳоланки, каврак ширасини қайта ишлаб, зираворлар тайёрлаш орқали бу қийматни 5 баробарга ошириш мумкин.
Ҳиндистон, Хитой ва Франция давлатлари каврак хомашёсидан дори воситалари, эфир мойлари ва турли зираворлар ишлаб чиқариб йилига 8,7 миллиард долларгача даромад қилади.
Каврак маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги йиллик айланмаси эса 17 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистонда ҳам кавракчиликни ривожлантириш учун инвесторларга қулай муҳит яратилган.
Амалдаги тартибга мувофиқ, республикамизда хорижий субъектлардан 1 килограмм сассиқ каврак ширасини йиғиб олганлик учун 2 доллар, тожик каврак шираси учун 9 доллар тўлов ундирилади. Эндиликда, ушбу тўлов миқдори сассиқ каврак ширасининг бир килограмми учун 4 бараварга, тожик кавраги ширасининг 1 килограмми учун икки бараварга оширилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА