Айни кунларда мамлакатимизда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан субсидиялар ажратилмоқда.
Бугунги кунда кўпчилик фуқаролардан уй-жой учун субсидия ажратишни рад этиш сабаблари, субсидия олиш учун ариза бериш тартиби, субсидияга ариза топширганда даромади қанчагача бўлиши кераклиги бўйича саволлар келиб тушмоқда.
Аввало шуни ҳам айтиш жоиз, ипотека кредитлари асосида субсидия олишда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак.
Субсидиялар кимларга берилади?
Субсидия маблағлари фақатгина уй-жойи йўқ, даромади юқори бўлмаган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлганда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин. Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақатгина 1 марта берилади.
Субсидияга ариза топширганда даромади қанчадан қанчагача бўлиши керак?
Президентимизнинг 33-сонли фармонига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, фуқаролар томонидан уй-жой сотиб олишда давлат бюджетидан субсидия ажратилиши учун ариза берувчи ёки оиланинг даромади куйидагича бўлиши керак.
Даромади юқори бўлмаган фуқаро ёки оила — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача ва Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача бўлган оилаларга ажратилади.
Содда қилиб айтганда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМ 980 минг сўмнинг 2,7 баравари, яъни 2 миллион 646 мингдан кам бўлмаслиги ва 8 баравари 7 миллион 840 мингга тенг ёки кам бўлиши зарур.
Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравари 2 миллион 646 мингдан кам бўлмаслиги ва 9,2 баравари, яъни 9 миллион 16 мингга тенг ёки кам бўлиши зарур. Кўрсатилган нормадан ойлик маошингиз юқори ёки кам бўлса аризангиз рад этилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 март кунги 182-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 34-бандига кўра, қуйидаги ҳолларда ариза берувчига уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратилиши рад этилиши мумкин.
Яъни, тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда, тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда, илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда ариза рад этилади.
Яна бир маълумот, агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини, яъни тўловларни сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.
Шуни ҳам айтиш ўринли, субсидия олиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари фақатгина ариза олиб қолиб, тайёр натижани тақдим этиш ваколатига эга. Қолган масалалар, яъни кимга, қайси ҳамда қанча миқдорда субсидиялар ажратишни ташкил этилган комиссия томонидан ҳал қилинади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА