Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари зарар эканлиги, инсон саломатлигига жиддий хавф солиши бот-бот такрорлансада, бу каби маҳсулотларга муккасидан кетган инсонлар кам эмас. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини мунтазам истеъмол қилиш унга тобе бўлиб қолишга сабаб бўлади. Оқибатда инсон ҳам ўзига, ҳам яқинларига ташвиш орттиради, соғлиғига зиён етказади.

Шу йилнинг 25 май санасида Президентимиз томонидан “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Мазкур қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклашга оид муносабатларни тартибга солиш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсади мужассам. Шу боис, ҳужжатда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сотуви, ишлаб чиқарилиши, тарқатилиши, истеъмол қилиниши билан боғлиқ бир қатор чекловлар, тартиб-қоидалар белгиланган.

Кўп ҳолларда кўча-кўйда, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини очиқ ҳолда кўрсатиб реклама қилинганига гувоҳ бўламиз. Эндиликда, мазкур қонун билан савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини кўрсатиш ва очиқ намойиш қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилди. Ушбу тартиб 45 дан ортиқ мамлакатда амалга оширилган. Унга мувофиқ, савдо майдончасида фақат қоғозга босилган сотиладиган тамаки маҳсулотларининг рўйхати жойлаштирилади. Маҳсулотларнинг ўзи эса харидорга кўринмайдиган жойда сақланади.

Шунингдек, мазкур қонунга кўра, таркибида никотин мавжуд бўлган маҳсулотлар, қиздириладиган тамаки маҳсулоти, электрон сигареталар, никотин суюқликлари, чилим учун мўлжалланган қоришмалар тамаки маҳсулотларига тенглаштирилади ва уларга нисбатан ҳам ушбу турдаги маҳсулотларни чеклашга қаратилган ҳамма чоралар амал қилади.

Сўнгги пайтларда снюс маҳсулоти истеъмоли ҳам кўпайиб, айниқса, ёшлар орасида тез тарқалаётгани ҳақида гапирилади. Унинг ёрқин ўрами, замонавий дизайни, ёқимли ҳиди ёш йигит-қизларни, ҳатто мактаб ўқувчиларини ҳам ўзига тортмоқда. Ушбу қонун билан чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, жумладан, никотинли снюс, чайналадиган тамаки ва никотинли ширинликларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва сотишга тақиқ қўйилди. Бундан ташқари, таркибида жозибадорликни оширишга қаратилган моддалар – ароматизаторлар, бўёқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган электрон сигареталар, улар учун никотин ва никотинсиз суюқликларни олиб кириш ва сотиш ҳам тақиқланади.

Сигарет қадоқларида чекиш соғлиқ учун зарар эканлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга кўзимиз тушган. Мазкур қонунда сигарет қадоқларига қўлланиладиган расм кўринишидаги тиббий огоҳлантириш ҳажмини 40 фоиздан 65 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини болалар товарлари сотиладиган биноларда, дорихоналарда, ўйинчоқлар, ширинликлар ва бошқа болалар маҳсулотларига тақлид қилинган кўринишда сотиш тақиқланади. Шунингдек, алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ҳамда тамаки ва никотиндан фойдаланишга мўлжалланган воситаларни соғлиқни сақлаш ташкилотлари, таълим, маданият, спорт-соғломлаштириш муассасалари, санаторийлар ва тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудида сотиш мумкин эмас. Шу пайтгача 20 ёшга тўлмаган шахсларга бундай маҳсулотларни сотиш тақиқланган бўлса, қонун билан ёш чегараси 21 ёш этиб белгиланди. Яъни, 21 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда ушбу ёшдаги шахслар томонидан сотилиши мумкин эмаслиги ўз аксини топди.

Мазкур соҳага оид белгиланган тартиб-қоидаларнинг амал қилинишини таъминлашда масъул ташкилот ва идораларнинг иштироки, амалий саъй-ҳаракати муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, солиқ, божхона органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятда қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.

Эълон қилинганидан уч ой ўтиб кучга кириши белгиланган ушбу қонун фуқаролар саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга. Қонунда белгиланган тартиб-қоидалар ичкилик ва кашандаликнинг олдини олиш, айниқса, ёшлар ўртасида бу каби жирканч иллатлар урчиб кетмаслиги, келажагимиз эгаларини бундай иллатлардан асраш, ушбу одатларнинг салбий оқибатларидан ҳимоялашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА