Мамлакатимизнинг Мадрид шаҳридаги элчихонаси “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси билан ҳамкорликда етакчи тўқимачилик корхоналари вакилларидан иборат делегациянинг Барселона сафарини ташкил қилди. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад маҳсулотларимиз экспортини кенгайтириш, жаҳон брендлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишдан иборат эди.

Ташриф чоғида маҳаллий корхоналаримиз “Barcelona Textile Expo 2023” халқаро кўргазмасида ўз стендлари билан иштирок этди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Европадаги энг йирик кўргазмалардан бири саналадиган ушбу анжуманда бу гал Испания, Германия, Италия, Туркия, Корея, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Покистон, Миср ва Ўзбекистондан 170 га яқин компания, 10 мингдан зиёд мутахассис қатнашди. Кўргазма иштирокчилари ва тўқимачилик маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғуллануви ишбилармонлар Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарига буюртма беришга катта қизиқиш билдирди. Музокара натижасида қатор хориж компаниялари вакиллари билан экспорт шарномалари тузиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Делегациямиз аъзолари Барселона Савдо-саноат палатаси, Испаниянинг “ACIR” компанияси ва “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси билан ҳамкорликда ушбу йирик шаҳарда ташкил этилган Ўзбекистон савдо уйи очилиш маросимида ҳам иштирок этишди. Гибрид шаклда ўтган тадбирда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, Барселона савдо-саноат палатаси халқаро алоқалар бўйича директори М.Ориолс, “ACIR” компанияси президенти Э.Гулян, Ўзбекистоннинг Барселона ва Валенсия шаҳарларидаги фахрий консуллари П.Висенс ва Х.Чикилё ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари қатнашди.

Томонлар мазкур ташаббусни юқори баҳолаб, Ўзбекистонни жадал ривожланаётган, жаҳон ҳамжамиятида ўзига хос савдо ва иқтисодий салоҳиятга эга давлат сифатида эътироф этишди.

Нафақат Европа Иттифоқи бозори сифатида, балки Испаниянинг Лотин Америкаси давлатлари билан кучли тарихий савдо алоқаси сабабли ҳам, ўзаро манфаатли ҳамкорликка катта қизиқиш билдирилди. М.Ориолс Ўзбекистон учун Испания ишончли ҳамкор бўлиб қолиши, Испания Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги асосий шерик сифатида қараётганини алоҳида урғулади.

Ўзбекистон Савдо уйи Барселона шаҳрида ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари савдосини йўлга қўйишга хизмат қилувчи майдон сифатида фаолият юритади. Айни жараёнда маҳаллий маҳсулотларимизни етказиб бериш, сақлаш ва тарқатиш учун 370 мингдан ортиқ аъзога эга Барселона Савдо-саноат палатаси салоҳиятидан унумли фойдаланиш мумкин. Икки давлат тадбиркорлари ушбу платформани юқори баҳолаб, ҳозирги кунда юқори сифат ва жозибадор нархга эга ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Барселона орқали бутун Испания бозорига кириб бориши учун кенг имконият очишини таъкидладилар.

ЎзА