Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ўртасида дзюдо бўйича ўтказилган анъанавий халқаро турнирда Жамшид Файзиев мураббийлигидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жамоавий баҳсларда олтин медалларга эга чиқди.

Ўн еттинчи бор ташкил этилган халқаро турнирнинг жамоалар ўртасидаги мусобақа финалида ҳамюртларимиз Россия терма жамоаси билан 1-ўрин учун курашди. Шиддатли ўтган беллашувларда вакилларимиз мусобақанинг олтин медалларини ва халқаро турнир кубогини қўлга киритди.

Фахрий спортчилардан Баҳром Иноятов, Тимур Худойқулов, Умид Абдуллаев, Ғиёсжон Бобоев, Рустам Саидов, Фаррух Бобоев, Фахриддин Шарипов, Дилшод Чориев, Ҳамид Отажонов терма жамоамизнинг умумий ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА