Аргентинада давом этаётган U-20 жаҳон чемпионатининг бугун тунда ўтказилган «C» гуруҳидаги учрашувлар якунига кўра, 1/8 финал баҳсида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қайси жамоа билан рўбарў келиши аниқланди.
“С” гуруҳидаги жамоалар иштирокидаги 3-тур баҳсларида Колумбия – Сенегал 1:1 ҳисобида дурангга келишди. Япония – Исроил ўйинида 1:2 ҳисобида исроиллик ёш футболчилар зафар қучди.
Ушбу натижалардан кейин Колумбия 7 очко билан гуруҳда етакчига айланган бўлса, сўнгги турдаги ғалабаси эвазига исроилликлар 4 очко билан нимчорак финал йўлланмаси ҳамда жаҳон чемпионати 1/8 финалида Ўзбекистон билан куч синашиш имкониятига эга чиқди.
Жаҳон чемпионати ўйинлари тақвимига биноан Ўзбекистон – Исроил жамоаларининг 1/8 финалдаги учрашуви 31 май куни тунги соат 02:00 да бошланади.
Маълумки, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси кеча Гватемалани 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Терма жамоамизнинг истеъдодли ҳужумчиси Шаҳзодбек Неъматжонов ушбу баҳсда дублга эришди.
Бугун, 28 май кечки пайт ва 29 май тунда “Е” гуруҳида Ироқ –Англия, Тунис –Уругвай жамоалари, “Ф” гуруҳида Гондурас – Франция, Жанубий Корея – Гамбия жамоалари 3-тур ўйинларини ўтказиш учун майдонга тушади. Айнан бугунги учрашувлар 1/8 финалнинг барча иштирокчиларини аниқлаш имконини тақдим этади.
Тобора финал чўққиси сари яқинлашаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган ўйинлари сарҳисобига кўра, бугунгача “А” гуруҳидан Аргентина, Ўзбекистон, Б” гуруҳидан АҚШ, Эквадор, “С” гуруҳидан Колумбия, Исроил, “Д” гуруҳидан Бразилия, Италия, “Е” гуруҳидан Англия, “Ф” гуруҳидан Гамбия жамоалари кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳал этиб бўлди.
Т.РЎЗИЕВ, ЎзА