Саудия Арабистони Қироллиги ахборот агентлиги – SPA маълум қилишича, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Қироллик ва Канада ўртасидаги дипломатик муносабат даражасини ўзаро ҳурмат, умумий манфаат асосида аввалги ҳолатига қайтариш ниятида эканини эълон қилган.
Ушбу қарор валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Канада Бош вазири Жастин Трюдо ўртасида Бангкокда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) саммити доирасидаги музокара натижасидир.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 3 август куни Канада ТИВ Саудия Арабистонида фаол фуқаролари ҳибсга олинганидан хавотир билдириб, уларни зудлик билан озод қилишни талаб қилган. Саудия ТИВ эса Канада позицияси халқаро ҳуқуқ асослари ва давлатлар ўртасидаги муносабатни тартибга
солувчи келишувларга зид равишда қиролликнинг ички ишларига очиқ аралашиш эканини таъкидлаган. Ар-Риёд Оттавадан ўз элчисини чақириб олиб, Канада дипломатик миссияси раҳбарини “нон-грат шахс” деб эълон қилган ва унга мамлакатни тарк этиши учун бир кун муҳлат берган. Шундан сўнг Канада билан савдо ва молиявий амалиёт тўхтаганди.