Бугун, 25 май куни таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Озарбайжон пойтахти Боку шаҳри ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетди.

«Париж – 2024» ёзги Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколари тақдим этадиган мазкур жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли таэквондочилари қатори мамлакатимизнинг 16 нафар спортчиси ғолиблик учун кураш олиб боради.

Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашитов, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари Жасур Жайсунов, Шуҳрат Салаев, Никита Рафалович, Светлана Осипова, Феруза Содиқова ҳамда бир қатор ёш спортчилардан  иборат Ўзбекистон терма жамоаси чемпионатнинг 8 та ўғил ва 8 та қизлар вазн тоифасидаги баҳсларда совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Озарбайжон миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Чингиз Ҳусейнзоданинг билдиришича, Бокуда илк бор ўтказилаётган таэквондо WТ бўйича жаҳон чемпионати тадбирларида Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах ва бир қатор халқаро спорт ташкилотлари мутасаддилари иштирок этиши мусобақа аҳамиятига ижобий таъсир кўрсатади.

145 та давлатдан минг нафарга яқин спортчи қатнашадиган жаҳон чемпионати  29 май – 4 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА