Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам жорий ўқув йили ниҳоясига етиши муносабати билан “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилди.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, 31-сонли умумтаълим мактабида 2022-2023 ўқув йили  якунига бағишлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари садолари остида бошланган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Сўзга чиққанлар битирувчиларни ҳаётидаги унутилмас кун – мактабни тамомлаб, етуклик шаҳодатномасини олиши, вояга етиб, мустақил ҳаёт сари қадам ташлаш арафасида турганликлари билан табриклади. Янги ҳаёт бўсағасида турган ёшлар келгусида турли соҳада фаолият юритиб Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшишларига ишонч билдирилди.

Бу йил Амударё туманидаги умумтаълим мактабларини  2  минг 704 нафар, шу жумладан 31-сонли умутаълим мактабини 76 нафар ўқувчи битирмоқда. Улардан икки нафари олтин, бир нафари кумуш медаль соҳиби.

Тадбирда жонажон Ватанимизни, тинчлик-осойишталикни, ёшлик ва муҳаббатни, устозларга эҳтиромни тараннум этувчи шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар ижро этилди. Фан олимпиадалари, интеллектуал беллашувлар, ижодий танловларда, жамоат ишларида фаол иштирок этган ёшлар ва уларнинг ота-оналарига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири