Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан юртимизда бўлиб турибди.

Бугун, 24 май куни олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва бошқа расмийлар ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги “Наврўз” боғига ташриф буюрди.

Халқимиз маданияти, миллий қадриятларини чуқур ифода этган маскан – 2,5 гектар майдондаги этнографик шаҳарчага айлантирилган ҳудуд ҳақида Президент Ҳалима Яқубга сўзлаб берилди. Ўз навбатида Сингапур раҳбари боғ, бу ерда амалга оширилган ўзига хос бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди.

Дарҳақиқат, олти йил аввал ушбу лойиҳа бўйича давлатимиз раҳбарининг қарори имзоланган. Ҳужжат ижроси доирасида ҳудудда катта қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Орадан кўп ўтмай – 2019 йил бу жой халқимиз ва хорижлик сайёҳлар учун диққатга сазовор масканга айланди.

Боғ меҳмонлар учун нафақат маданий ҳордиқ жойи, балки катта тарихий маълумот улашадиган даргоҳ бўлгани таъкидланди.

Шу ўринда боғни сайр қилган киши юртимизда деҳқончилик маданияти, ризқ-насиба берадиган  заминни севишга чорловчи қадриятлар қадим замонларга тақалишини янада теранроқ ҳис қилишини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари – Қорақалпоғистон ва вилоятлар номлари билан аталадиган кўчалар, қадимий услубдаги уйлар, кўп минг йиллик ўзига хос анъаналар бой тарихимизни жонлантиргандек бўлади.

Сингапур Президенти Ҳалима Яқубнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА