23 май куни Пекинда Хитой – Марказий Осиё ахборот агентликлари форуми бўлиб ўтди. Хитойнинг етакчи ҳукумат ахборот агентлиги – «Синьхуа» томонидан ташкил этилган анжуманда Марказий Осиёнинг барча давлатлари етакчи расмий ахборот агентликлари – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, Тожикистон Миллий ахборот агентлиги – “Ховар”, Қирғизистон Миллий ахборот агентлиги – “Кабар”, “Қозоғистон Президенти телерадиокомплекси” НАЖ ҳузуридаги “Казинформ” халқаро ахборот агентлиги, Туркманистоннинг “МЕDIА ТURKMEN” ахборот агентлиги раҳбарлари иштирок этди.

Форум очилишида сўзга чиққан «Синьхуа» Бош директори Фу Хуа 18-19 май кунлари Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” саммити мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиришда ўзига хос платформа яратгани, янги истиқбол очганини қайд этди.

Ахборот агентликлари форуми мазкур саммитнинг мантиқий давоми экани, эришилган келишувларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг муҳим ўрни борлиги таъкидланди.

Томонлар 6 мамлакат учун янги давр бошлангани, турли соҳалар, хусусан ахборот алмашишда ҳамжиҳатликни, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар очилгани тўғрисида гапириб ўтдилар.

Хитой – Марказий Осиё ахборот агентликлари биринчи халқаро форуми иши бўйича якуний ҳужжат қабул қилинди.

Бугун, 24 май куни Форум иштирокчилари Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, қўмитанинг Тарғибот бўлими мудири Ли Шу Ли билан учрашади.

Мулоқот давомида беш мамлакат ахборот агентликлари ва Хитой ОАВ ҳамкорлиги кўламини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, тажриба ва малака ошириш бўйича муносабатларни ривожлантириш борасида фикр алмашилди.

Аброр Ғуломов,

ЎзА

Хитой, Пекин