Мамлакатимизда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда. Шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2023 йил 1 январдан бошлаб 61 та ижро этувчи ҳокимият органлари сони 28 тага камайтирилди.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш вазифаси қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтиришни тақозо этмоқда.
Шу боис “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 59 та қонуни ва 6 та кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокамалар марказида бўлган мазкур қонун лойиҳаси бўйича Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов маълумот берди. Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги ва масъулиятини кучайтириш, уларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши ҳамда маблағларнинг сарфланиши юзасидан барча маълумотларнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА