Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Озарбайжон диаспораси билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Ф.Муродов билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарлари даражасида йўлга қўйилган мунтазам мулоқот, етакчиларнинг мустаҳкам сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Тошкент ва Боку ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани  таъкидланди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари ўртасидаги анъанавий яқин ва жуда самарали алоқалар ривожланиб бораётгани, бу жараёнда парламент палаталарининг роли муҳим экани алоҳида қайд этилди.

Ф.Муродов Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва ҳукумати томонидан миллатлараро ва конфессиялараро муносабатларни мустаҳкамлашга катта аҳамият бераётганини эътироф этди.

Ўзбекистонда Озарбайжон диаспорасини ривожлантириш, хусусан, озарбайжон маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва уларни юксалтиришга қаратилган амалий ҳаракатлар, шунингдек, озарбайжон тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА