Давлатимиз раҳбарининг “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида мамлакатимизда нуфузли мусобақалар ўтказиш, отлар учун замонавий шароитларга эга манежлар қуриш вазифаси белгиланган.

Пойтахтимизда фаолият олиб бораётган “Universal Jumping Agro” от спорти клубида мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Клубда 160 бош от учун мўлжалланган мажмуа мавжуд. Ҳозирги кунда иншоотни халқаро талаблар даражасига келтириш мақсадида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Унинг имкониятлари янада кенгаймоқда.

Шу кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган Халқаро йилқичилик ва от спорти федерацияси мутахассислари ушбу мажмуада бўлиб, олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Отхонада жониворларни парваришлаш, ветеринария муолажаларини олиб бориш учун барча шароитлар яратилгани эътироф этилди. Шунингдек, мажмуа Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи лицензион мусобақа ҳамда “Тошкент-2025» Осиё ўйинларини ўтказиш учун ҳар томонлама мос келиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, янги қиёфа очаётган “Universal Jumping Agro” мамлакатимизда йилқичилик ва от спорти ривожини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Мажмуа билан танишув давомида халқаро экспертлар иш самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча тавсиялар берди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА