Хитой Халқ Республикаси Юньнань провинцияси губернатори ўринбосари Чжан Чжили бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди.

Меҳмонларнинг вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашувида мавжуд имкониятлар ва истиқболдаги режалар кенг муҳокама қилинди. Дастлаб Бухоро вилоятининг инвестиция имкониятлари, экспорт ва туризм салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилиб, видеоролик намойиш этилди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов меҳмонларга вилоятда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Хитой билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Бунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олгани, икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари барча даражадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда ўтказилган саммити доирасида Бухоро вилояти ва Юньнань провинцияси, шунингдек, Бухоро ва Куньмин шаҳарлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида имзоланган битим ўзбек-хитой дўстлигида янги саҳифа очиб, стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга асос бўлгани эътироф этилди.

Ўз навбатида, губернатор ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, алоқаларни мустаҳкамлаш, барча соҳада жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини янада кенгайтириш хусусида фикр билдирган меҳмонлар делегациянинг вилоятга ташрифи юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
Мулоқотда Юньнань провинцияси ва Бухоро вилояти ўртасида ҳар томонлама муносабатларни тубдан яхшилаш ва фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солишга алоҳида урғу берилди. Хусусан, қуёш, шамол, гидроэлектр станцияларини қуриш ва ўрнатиш, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, туризм бўйича ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан музокара ўтказилди. Чжан Чжили тарихий обидаларга бой ҳисобланган Бухоро шаҳри туризм инфратузилмасини ривожлантириш, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликда жиддий ёндашиш истагини билдирди.
Учрашув якунида ушбу лойиҳаларнинг амалий ижроси юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Маълумот учун, Хитой Халқ Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 5 та давлатлардан бири ҳисобланади. Масалан, 2022 йилда Бухоро вилояти ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 150,3 миллион долларни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 123 фоизга ўсган. Шу жумладан, экспорт ҳажми 13,1 миллион доллар ва импорт ҳажми 137,2 миллион долларга етган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида эса Хитой Халқ Республикаси билан ўзаро ташқи савдо айланмаси 57,9 миллион долларни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 105 фоизга ўсган. Шу жумладан, экспорт ҳажми 4,3 миллион доллар ва импорт ҳажми 53,6 миллион долларга етган.
Хитой ҳукумати томонидан Ўзбекистонга гуруҳли саёҳатларни қайта тикланиши ҳисобига Бухоро вилоятига ташриф буюрган сайёҳлар сони 2022 йилда 1446 нафарни ташкил этган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 116 фоизга ўсган. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 350 нафар хитойлик Бухорода бўлган. Ўз навбатида хитойликларнинг Бухорога саёҳати иқтисодиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА