“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги “Саломатлик” поездининг малакали шифокорлари билан бирга фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси Оролбўйининг энг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Мазкур тадбир Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда  2019 йил 8 ноябрдаги “Репродуктив ёшдаги  аёллар, ҳомиладорлар   ва   болаларга кўрсатиладиган  тиббий  ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Ундан кўзланган асосий мақсад  экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат.

–Акциянинг дастлабки куни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий, шунингдек, Беруний, Чимбой, Қўнғирот туманлараро перинатал марказларига 1 миллиард 160 миллион сўмлик  дори-дармон топширилди, – дейди  “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Оразгул Ембергенова. – Шунингдек, икки кун давомида Қўнғирот туманининг энг чекка “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолисига тиббий хизмат кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кекса, ҳомиладор  ва  эмизикли  аёллардан  580 нафар  киши чуқурлаштирилган  тиббий   кўрикдан   ўтказилди.  Шундан  515  нафарига   озиқ-овқат, дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари, кўзойнаклар, витаминлардан иборат мурувват ёрдами кўрсатилди.

Мазкур акция “Жаслиқ”  шаҳарча фуқаролар йиғинида давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири