Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми доирасида ўтказилаётган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” ва “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари Power Uzbekistan 2023” халқаро кўргазмалари ўзининг иккинчи иш кунини давом эттирмоқда.

Ушбу кўргазмалар доирасида  “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва Канаданинг Ўзбекистон Республикасидаги консули Элисон Мери Леклер ҳамда Канада компаниялари президентлари ўртасида музокаралар ўтказилди.

Канада делегацияси таркибидан “Condor Energies”, “5Blue Processing”, “Crusader Joint Ventures”, “Master Flo Valve”, “Stream Flo”, “JORI International”, “Central Asia”,  “Thermo Design Engineering Ltd.,” компаниялари, «GHGSat»,  Жанубий Алберта Технология Институти вакиллари ўрин олган.

Учрашувда «Condor Energies Inc.» компанияси билан Газли ҳудудида табиий газ қазиб олиш ва заҳираларни ошириш борасида амалга оширилаётган ҳамкорликнинг  бугунги жараёнлари ҳам муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти Канада компаниялари томонидан таълим ҳамда нефть ва газ соҳаси бўйича малака ошириш йўналишидаги ҳамкорликка катта қизиқиш билдирди.

Делегатлар таркибидан жой олган Жанубий Алберта Технология институти (SAIT)  нефть ва газ ташкилотларига таълим хизматларини таклиф қилувчи дунёдаги етакчи профессионал таълим муассасаси ҳисобланади. Бугунги кунда SAIT томонидан 48 та мамлакатда етакчилик семинарлари, мутахассислар ва соҳаларга хизмат кўрсатиш учун касбий тайёргарлик, объектларни лойиҳалаш ва ўқитувчиларни тайёрлаш дастурлари орқали профессионал таълим ва маслаҳат бериб келинмоқда.

Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, нефть ва газ соҳасига оид ускуналарни етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти хорижий компаниялар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар учун миннатдорлик  билдирди,  бу каби ташаббуслар қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

Учрашув якунларида барча соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш ва барча қўшма лойиҳаларни давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.

Маълумот учун қайд этиш жоизки, Канада дунёда нефть экспорти бўйича йирик давлатлардан ҳисобланади. Унинг кунлик нефть экспорти ҳажми  3,289 миллион баррелни ташкил қилади. Ушбу мамлакат ҳозирги кунда нефть қазиб олиш бўйича дунёда еттинчи ўринда туради.

 

Н. Зиёдуллаева,  ЎзА