Президент раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентларига бир қатор муҳим вазифалар қўйилди.
Ёшларга оид давлат сиёсати юритилишида жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борада Ёшлар парламенти билан вазирлик ва идораларнинг бевосита ҳамкорлигини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Ёшларнинг муаммоларини аниқлашда Ёшлар парламенти имкониятларидан фойдаланиш, ушбу муаммоларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига олиб чиқиш ва ижобий ҳал қилиш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Парламент юқори палатасида Сенат Раиси ҳамда сенаторларнинг Ёшлар парламенти аъзолари билан мулоқотида шу ҳақда сўз борди.
Конструктив ва амалий руҳда кечган тадбирда Ёшлар парламенти фаолияти таҳлили, уни янада ривожлантириш бўйича тегишли чоралар кўриш, устувор йўналишлардан келиб чиқиб, режаларни белгилаб олиш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева Ёшлар парламенти ўз фаолиятида эътибор қаратиши лозим бўлган айрим масалаларга тўхталиб ўтди.
– Сенат ялпи мажлисларида Ёшлар парламенти аъзоларининг иштирок этиш тизими йўлга қўйилган, – деди Т.Норбоева. – Бу жараёнда уларнинг фаол иштирок этаётгани катта мактаб вазифасини ўтайди. Чунки сенаторлар долзарб масалаларни кўтармоқда. Бунда ёшлар нималарга эътибор қаратиш зарурлигини билиб боради. Айниқса, ёшлар учун муҳим бўлган масалаларни белгилаб олиб, бу борада фаоллик кўрсатиб, халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят кенгашларига ёки Сенатнинг тегишли қўмиталарига таклифлар киритиши мақсадга мувофиқ. Биз эса қўйилаётган масалаларни Сенат кенгаши ёки ялпи мажлиси муҳокамасига олиб чиқишга тайёрмиз.
Ёшлар парламентининг халқаро ҳамкорлик йўналишдаги фаолиятини жонлантириш фурсати етди. Нафақат МДҲ давлатлари Парламентлараро ассамблеяси, балки кенгроқ миқёсда – жаҳон халқаро парламент тузилмалари майдонларига ҳам чиқиш зарур. Хусусан, Европа Иттифоқи, Осиё мамлакатлари, АҚШ парламенти билан муносабатларни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш мақсадга мувофиқ.
Учрашувда янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса, ёшларга етказиш, қолаверса, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунни ёшларнинг таклифлари асосида қайта кўриб чиқиш жараёнига Ёшлар парламенти аъзоларини кенг жалб қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Ёшлар парламенти аъзолари ижтимоий ҳамкорлик тамойили асосида ишлаши учун вазирлик ва идораларга бириктирилгани маълум қилинди.
Янги тизимга асосан эндиликда ҳар бир аъзо ўзи бириктирилган вазирлик ва идораларга ҳар ойда камида бир маротаба ташриф буюриб, у ерда ёшлар билан ишлаш ҳолатини ҳамда ёш ходимларга яратилган шарт-шароитларни ўрганади. Шунингдек, ёшларга оид қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик мониторингини олиб боради.
Шу билан бирга, вазирлик ва идоралар ёшлар билан ишлаш бўйича фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегияларни белгилаб олади ҳамда уларни амалга ошириш бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқади.
Мулоқот давомида Ёшлар парламенти аъзолари ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Ёшлар парламенти ҳудудий аъзоларининг ҳар ойда бир маротаба вилоят ҳокимлари билан учрашувини ташкил этиш орқали ёшлар муаммоларини муҳокама қилиш, Сенат ялпи мажлисларида ёшларга оид долзарб масалаларда фикр билдириш, уларнинг ҳам музокарага чиқиш имкониятини яратиш, халқаро учрашувлар ва ҳамкорлик алоқаларини тизимли йўлга қўйиш бўйича фикрлар билдирилди.
Таклифлардан келиб чиқиб, устувор йўналишлар бўйича Ёшлар парламенти иш режаларини қайта кўриб чиқиш, керак бўлса, алоҳида дастур тайёрлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА