Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб кучли зилзилалар ҳақида олдиндан хабардор қилиш миллий тизими ишга туширилади. Бу мамлакатимиз ва унинг чегара ҳудудларида реал вақт режимида сейсмик ҳодисаларни мониторинг қилиш имконини беради.
Ўзбекистон Адлия вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, кучли силкинишлар (5 баллдан юқори бўлган) аниқланганда, яқин атрофдаги ҳудудларда яшовчи аҳолига махсус илова орқали хабар юборилади.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб, фаол тактоник ёриқлар ўрганила бошлайди. 1 августгача сув омборларини сейсмик мониторинг қилиш тизими ишга туширилиши лозим. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса зилзилалар вақтида ўзини тутиш қоидалари умумий ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимининг амалдаги ўқув дастурига киритилади.
1 сентябрдан бошлаб, тегишли давлат органлари сейсмик барқарорликка таъсир кўрсатувчи кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан лойиҳани ўзгартириш бўйича назорат ишларини бошлайди. Бундан ташқари, сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган III ва IV тоифадаги сейсмик хавфсиз бўлган уйларнинг том қисми, зиналар ва бошқа умумий фойдаланиш жойларида қуриш рухсат этилмаган иншоотлар ҳам аниқланади.
II-IV тоифадаги объектларда лойиҳани ўзгариштириш ишлари фақат шаҳарсозлик органлари ўтказадиган қайта экспертизанинг ижобий хулосасидан сўнггина амалга оширилиши мумкин бўлади. Бунга қаватлар қўшиш ва уларнинг сонини ўзгартириш, биноларни бошқаларга яқинлаштириб қуриш ишлари киради. IV тоифадаги бино ва иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга фақат С ва ундан юқори рейтингдаги ташкилотларга рухсат берилади.
Рейтинги камида ССС бўлган компаниялар III-IV тоифадаги объектларни қурувчи пудратчи сифатида иштирок этиши мумкин.
2024 йилнинг 1 январидан бошлаб, сейсмик ҳудудлардаги шаҳарларнинг бош режасини ишлаб чиқиш сейсмик микроҳудудлаштириш харитаси асосида амалга оширилади ва махсус сертификатларга эга мутахассислар назорат ишларига жалб қилинади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА мухбири