БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг навбатдаги мажлисида Туркманистон ташаббуси билан 26 ноябрни Бутунжаҳон барқарор транспорт куни деб эълон қилиш бўйича резолюция қабул қилинди, деб хабар тарқатди рус тилида чиқадиган “Нейтральный Туркменистан” газетаси. Ҳужжат бир овоздан қабул қилинди, 67 аъзо-давлат ушбу ҳужжатга ҳаммуаллиф бўлди.
Газетанинг таъкидлашича, Бутунжаҳон барқарор транспорт куни, деб 26 ноябрь танланиши бежиз эмас. Чунки, айнан 2016 йил 26 ноябрда Ашхободда БМТнинг барқарор транспорт бўйича илк глобал конференцияси бўлиб ўтган эди.
Мазкур резолюция барча аъзо-давлатларга, БМТ тизимидаги ҳамда минтақавий ташкилотларга ва фуқаровий жамиятларга Бутунжаҳон барқарор транспорт кунини нишонлашни таклиф этади. Шу куни аҳолининг барқарор транспорт соҳасида билимини ошириш, экологик тоза транспортни ривожлантиришга қаратилган маърифий тадбирлар ўтказилиши тавсия қилинади.
2018 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Туркманистон ташаббуси билан 3 июнни велосипед куни, деб эълон қилган эди.