Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, масъул ходимлар, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари раҳбарлари, партия гуруҳи аъзолари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика ташкилоти ва партия гуруҳларининг сайловдаги муносиб иштироки тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII қурултойига Қорақалпоғистон Республика партия ташкилотидан делегатларни сайлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.
Тадбирда сиёсий партиялар учун яратиб берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўла фойдаланиб, партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари ҳамда унинг электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар томонидан партиянинг сайлов кампаниясини самарали ўтказишни таъминлаш борасида бир қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, кун тартибидаги масалалар юзасидан музокарага чиққанлар партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирокини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини йиғишни самарали ташкил қилишида барча бўғиндаги партия кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари ва маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари олдида турган устувор вазифалар тўғрисида тўхталдилар. Шунингдек, барча сайлов участкаларини партиядан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастури ва қонунда кўзда тутилган бошқа адабиётлар билан таъминлашга доир қатор таклифлар билдирилди.
Билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши пленуми тегишли қарорлар қабул қилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат),
ЎзА.