Бугун, 12 май куни пойтахтимизда бокс бўйича эркаклар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари ўтказилади.
Унда 51 килограммда Ҳасанбой Дўсматов – Мартин Молина (Испания),
54 килода Ойбек Жўраев – Дмитрий Двали (Россия),
57 килода Абдумалик Халoков – Мунарбек Сеитбек (Қирғизистон),
63,5 килода Руслан Абдуллаев – Хованес Бачков (Арманистон),
67 килода Асадхўжа Мўйдинхўжаев – Мишеелт Баттумур (Мўғулистон),
71 килода Саиджамшид Жафаров – Вандерсон Де-Оливейра (Бразилия),
75 килода Аълохон Абдуллаев – Вандерлей Перейра (Бразилия),
92 килода Лазизбек Мулложонов – Муслим Гажимагомедов (Россия),
+92 килода Баҳодир Жалолов – Аюб Гадфа Дрисси (Испания) билан финал йўлланмаси учун жанг олиб боради.
Ортда қолган чорак финал натижаларига кўра, Ўзбекистон энг кўп боксчи билан ярим финалга етиб келган терма жамоа бўлди.
Эътиборлиси, 9 нафар ҳамюртимиз бронза медалини расмийлаштирди. Қайд этиш жоиз бу терма жамоамиз учун бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида қўлга киритилган медаллар сони бўйича янги рекорд ҳисобланади.
Ҳамюртларимизнинг 9 нафари ярим финалда иштирок этаётган бўлса, Куба ва Россия 6, Қозоғистон 5, Франция, Грузия, Ҳиндистон, Испания 3, Арманистон, Озарбайжон, Бразилия, Мўғулистон 2, Хитой, Италия, Иордания, Қирғизистон, Мексика, Тожикистон терма жамоалари 1 нафар боксчи билан медаллар учун курашни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати сарҳисобига биноан, ярим финал йўлланмаларига эга чиққан қитъалар кесимидаги ҳолатда Осиё яққол пешқадам. Осиёнинг 8 мамлакатидан 23 нафар боксчи ярим финалда, Европанинг 6 мамлакатидан 19 нафар, Американинг 3 та давлатидан 10 нафар боксчи чемпионлик сари одимламоқда. Бу гал Африка ва Океания минтақаларидан ҳеч бир боксчи медаль қўлга кирита олмайдиган бўлди.
Жаҳон чемпионатининг медаллар сони бўйича етакчиликка эришган терма жамоамиз аъзоларидан сифат кўрсаткичида ҳам муносиб натижаларни кутиб қоламиз.
Т.Рўзиев,
ЎзА