“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг марказий офисида ташкил этилган тантанали маросимда икки томон масъуллари, мутахассислар ва брокерлар иштирок этди.

“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқаруви раиси Зиёвиддин Бадриддиновнинг таъкидлашича, меморандумнинг имзоланиши биржа савдо механизмларини қўллаш орқали икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича фойдаланилмаган салоҳиятни ишга солиш ва янги имкониятларни очиб беришга хизмат қилади.

Қайд этилганидек, айни чоғда биржанинг хорижий савдо майдончалари Хитойнинг Куйтун, Урумчи ва Синдао шаҳарларида очилган. Жорий йилнинг бошидан буён биржада Хитой компаниялари иштирокида 17 миллион АҚШ долларидан зиёд ҳажмда битимлар тузилган.

– Бизнинг уюшмамиз Хитой ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажаради. Ўйлаймизки, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан ўрнатилган ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишида янги саҳифани очиш имконини беради, – деди Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси раиси жаноб Суй Хайбо.

Шунингдек, мазкур тадбир доирасида томонлар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси ўртасида Стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишувларга эришилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва Хитой корхоналари ўртасида биржанинг савдо воситалари ва бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш бўйича Б2Б музокаралари ўтказилди.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади.

ЎзА