Жаҳон матбуоти саҳифаларида
Тошкентда 11 май куни Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романига бағишланган кўргазма очилади, дея хабар берди “РИА” ахборот агентлиги Л.Н.Толстой давлат музейи матбуот хизматига таяниб. “Экспозиция Кинофестиваллар ва халқаро дастурлар марказининг “Рус тили маданий код ва миллатлар аро мулоқот тили сифатида” номли лойиҳаси доирасида бўлиб ўтади”, – дейилади хабарда.
Кўргазмада муаллифнинг қораламалари, истеъдодли рассомларнинг ушбу романга бағишлаб турли даврларда чизган асарлари намойиш этилади.
16 майга қадар давом этадиган намойиш Россия ва Ўзбекистон маданий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Сўнгра асарлар Тошкентдаги “Руслар уйи”га тақдим этилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти
коронавирус пандемияси тугаганини эълон қилди
“Central Asia” (CA). ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус дунёда COVID-19 сабабли 2020 йилдан буён давом этиб келаётган фавқулодда ҳолат тугаганини эълон қилди.
“COVID-19 пандемияси тугаганини мамнуният билан эълон қиламан”, – деди Гебрейесус. Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси ўлим, беморларни касалхоналар, жумладан тезкор терапия бўлимларига ётқизиш билан боғлиқ ҳолат камайгани ва аҳолида “SARS-CoV-2” вирусига нисбатан иммунитет ошганини таъкидлади.
Шунингдек, Гебрейесус пандемия даврида 20 миллион киши коронавирусдан вафот этгани, 765 миллион 200 минг касаллик ҳолати қайд этилганини ҳам маълум қилди.
ЖССТ 2020 йил 11 мартда COVID-19 пандемиясини эълон қилган эди. Пандемия 3 йил 1 ой 24 кун давом этди.