Кучли шамол Калифорнияда юз берган ўрмон ёнғини тез тарқалишига олиб келди. Ўнлаб уйларни вайрон қилган табиий офат натижасида минглаб одамлар эвакуация қилинди.
Хорижий ОAВ ёзишича, мутахассислар “фавқулодда ва ҳаёт учун хавфли” вазиятдан огоҳлантирган. Ўт ўчирувчилар қийин об-ҳаво шароитида оловни ўчиришга ҳаракат қилмоқда.
Лос-Aнжелес шимоли-ғарбида давом этаётган, ҳозиргача 3 500 га яқин иншоотга таҳдид солган ёнғин таъсирида 10 мингдан зиёд одам мажбурий эвакуация қилинди. Қалин тутун бир неча аҳоли манзилини қамраб олди. Оқибатда кўриш сезиларли даражада қийинлашиб, ўт ўчирувчилар иши янаям мураккаблашди. Тезлиги соатига 98 километргача етган шамол самолётлардан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилди.
Ўт ўчирувчилар маълум қилишича, тутундан бўғилган икки киши касалхонага ётқизилган. Жиддий жароҳат олганлар ҳақида бошқа маълумот йўқ.
Синоптиклар шамол тезлиги соатига 80-160 километрни кўрсатиши, намлик 8 фоизгача тушишини айтди. Жанубий Калифорниянинг баъзи ҳудудлари “ўта оғир ва ҳаёт учун хавфли” шароитга тайёр туриши керак. Коммунал хизмат ходимлари яна ёнғин чиқишининг олдини олиш учун электр энергиясини чеклай бошлади. Электр тармоғи ва бошқа инфратузилма носозлиги сўнгги йилларда бир неча йирик ва ҳалокатли ёнғинни келтириб чиқарди. Чоршанба куни жанубда 65 мингдан ортиқ, шимолда 20 мингдан кўп одам электр таъминотидан узилди.
Умуман, штатда бир неча марта даҳшатли ўрмон ёнғини кузатилди. Масалан, 2018 йил Вулсида уч киши ҳалок бўлиб, 1600 уй вайрон бўлди. Томас олови Вентура ва Санта-Барбара округларида мингдан зиёд уй ва бошқа иншоотларга жиддий зиён етказган.