Бразилияда 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг 8-тур ўйинларидан кейин 16 ёшгача бўлган шахматчи қизлар орасида Афруза Ҳамдамова асосий таъқибчиларидан 1,5 очко ҳисобида олдинга чиқиб олишга муваффақ бўлди.
Кеча тунда поёнига етган 8-тур баҳсларида Афруза Ҳамдамова қора доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада иштирок этаётган россиялик Лейла Табермакова билан кечган қизиқарли баҳсда рақибини 62-юриш ҳолатида таслим қилди.
Ушбу ғалаба ҳамюртимизни бу гал ҳам анъанасига содиқ қолган ҳолда чемпионликни муддатидан олдин расмийлаштиришга имконият яратди, дейиш мумкин.
Айтиш лозим, бундан бир йил муқаддам, яъни ўтган йилнинг ноябрь ойида Италияда ўтган жаҳон чемпионатида 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам муддатидан аввал чемпионликка эришган эди. Ўшанда Ҳамдамова Шенген визасини расмийлаштиришдаги муаммолар туфайли чемпионатнинг биринчи раундини ўтказиб юбориб, техник мағлубиятга қарамай, қолган барча турларда муваффақиятга эришган ҳолда Ўзбекистон тарихида қизлар орасидаги илк жаҳон чемпиони номига сазовор бўлган.
Айнан кеча ўтган 8-турдаги ютуқ Афрузани яна катта ғалаба сари яқинлаштирмоқда.
Ҳозирда ҳамюртимиз 7,5 очко билан турнир жадвалида етакчилик қилаётган бўлса, Яна Жапова (ФИДЕ), Эльназ Калиахмет (Қозоғистон), Лейла Табермакова (ФИДЕ) ва Гваделупе Монтано Висенте (Мексика)лар 6 очкога эга бўлиб турибди.
Воқеалар ривожидан олдинга ўтмасдан таъкидламоқ керакки, бугун тунда ўтадиган 9-турдаги ўйин тақдири кўп нарсага ойдинлик киритади. Ушбу турда Ҳамдамова ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган россиялик Яна Жапова билан рўбарў келади. Афруза оқ доналарда ўйинда қатнашишини эътиборга олсак, барчаси биз кутганимиздек бўлишига ишонсак бўлади. Ҳамдамова 9-турда ҳам ғалабага эришса, чемпионатнинг яна иккита тур ўйинлари ўтказилмасданоқ жаҳон чемпионлигини нақд қилган бўлади. Бу, Бразилияда ҳам Ўзбекистоннинг ғалабаси юз беришини таъминлаши билан қадрли.
14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги мусобақанинг 8-турида Жавоҳир Бозоров қора доналарда нидерландиялик Итан Чуа билан куч синашди ва ишончли тарзда ғалаба қозонди. 9-тур остонасида Жавоҳир Бозоров 13 нафар шахматчи сингари 5 очко билан 118 нафар иштирокчи орасида 20-32-поғоналарни банд этган. Ушбу ёш тоифасида чемпионликка даъвогарлик қилаётган 4 нафар шахматчи 6,5, 5 нафари 6, 10 нафари 5,5 очкога эга бўлиб турибди.
Жаҳон чемпионатининг 14 ёшгача бўлган қизлар баҳсида чемпионликка номзод саналган ҳамюртимиз Нилуфар Имомқўзиева 8-турда кутилмаганда оқ доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада иштирок этаётган Диана Ҳофизовага имкониятни бой бериб қўйди.
Мазкур ёш тоифасида 2 нафар шахматчи қиз – Юньцин Чжао (Хитой) ва Диана Ҳофизова (ФИДЕ) 7 очко билан турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. Имомқўзиева каби яна 7 нафар иштирокчи 6 очко билан ғолибликка даъвогарлик қилмоқда.
Ҳозирча ушбу ёш тоифасида кимлар асосий ўринларга эгалик қилиши борасида бирон сўз айтиш мушкул. Лекин Юньцин Чжао (Хитой), Диана Ҳофизова (ФИДЕ), Кесари Мгеладзе (Грузия), Виктория Сметанская (Польша) сингари 10 нафарга яқин шахматчи қизлар қаторида ҳамюртимиз Нилуфар Имомқўзиевада ҳам чемпионликни тантана қилиш имконияти бор.
Бугун ўтадиган 9-тур учрашувида Нилуфар Имомқўзиева қора доналарда мусобақада учинчи ўринда таснифланган франциялик Эмле Негре билан баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати мусобақалари 10 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА