Хусусан, Ғазо секторидаги вазият масаласида Исроилни қўллаб-қувватлагани боис, Жозеф Байденга нисбатан мамлакат ичкарисида ва хорижда турлича муносабат шаклланди.
Жисмоний ва ҳиссий ҳолатига оид кўплаб танқидий баёнотларга қарамай, Байден аҳволи қониқарли эканини таъкидлади ва етакчилик вазифасини бажаришда давом этди. 78 ёшида Оқ уйни эгаллаган сиёсатчи ёши ва соғлиғи туфайли президентлик пойгасидан воз кечиш таклифини узоқ вақт рад этиб келди.
Хорижий ОАВ ёзишича, Байденнинг Исроил мавзусига ёндашуви инсон ҳуқуқи муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳамда мусулмон жамоатчилигида кескин салбий фикр уйғотди.
Яқин Шарқда тинчлик саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлашга ваъда берганига қарамай, у Фаластин аҳолиси азоб-уқубатига эътибор бермагани учун танқид қилинади. Амалдаги Президентнинг Ғазодаги “амалиёт” Исроил учун ўз “хавфсизлиги”ни таъминлаш заруратидан келиб чиққани хусусидаги баёнотлари икки томонлама стандарт сиёсатини акс эттиргандек бўлди.
– Қўшма Штатлар Исроилни қўллаб-қувватлайди, – деган эди Байден 2023 йил октябрда Оқ уйдаги брифинг чоғи. – Биз яҳудий ва демократик Исроил давлати ҳар доимгидек бугун ва эртага ўзини ҳимоя қила олишига ишонч ҳосил қиламиз.
Жорий йил апрель ойида етакчи Украина, Исроил ва Тайванга 95 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш лойиҳасини имзолади. Шундан 61 миллиарди Украина, 26 миллиарди Исроил учун мўлжалланган.