Европа чемпионлар лигасининг тўртинчи тур иккинчи кунги баҳслари ҳам кутилган ва кутилмаган натижаларга бой бўлди. Ўтган турда Англия клублари пешқадамлик қилган бўлса, бу турда улар орасига Португалия, Франция ва Германия клублари қўшилди.

Сўнгги ўйинларда рақиб дарвозасига 3 тадан ортиқ гол уришга ўрганиб бораётган “Барселона” 4-турда Сербияда “Црвена Звезда” меҳмони бўлди. Мазкур баҳсда каталонияликлар 5:2 ҳисобида йирик ғалабага эришди. Учрашувда “Барселона” таркибида Мартинес, Левандовски, Рафинья ва Лопес гол урган бўлса, мезбонлардан  Милсон ва Мвумпа ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Шу тариқа, “Барселона” Чемпионлар лигасида 4-турдан кейин урилган голлар сони бўйича пешқадамга айланди. Аниқроғи, бу жамоа тўрт ўйинда 15 та гол урди. Ушбу жадвалда «Боруссия» 13 та гол билан иккинчи, «Бавария» эса 11 та гол уриб учинчи бўлиб турибди.

Шунингдек, Каталония клуби учун бу ўйиндаги муваффақият кетма-кет учинчи йирик ғалабадир. Бу жамоа дастлаб, “Янг Бойз”ни 5:0, “Бавария”ни 4:1 ҳисобида енган. Маълумотларга кўра, «Барселона» 1959/1960 йилги мавсумдан бери Лига ёки Чемпионлар кубогида кетма-кет учта ўйинда тўрт ва ундан кўп гол ура олмаган экан. Шу тариқа, «Барселона» қарийб 60 йиллик тарихини янгилади.

 

Мюнхеннинг «Бавария» клуби мазкур мусобақанинг 2-3 турида кутилмаган мағлубиятдан сўнг, ўз майдонида ғалабага эришди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Альянц Арена” стадионида ўтган «Бенфика»га қарши ўйинда “Бавария” 1:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувдаги ягона голга Жамал Мусиала 67-дақиқада муаллифлик қилди.

Ўтган турни биринчи ўринда якунлаган “Астон Вилла” клуби 4-турда «Брюгге» меҳмони бўлди. “Ян Брейдель” стадионида ўтган ўйиннинг 52-дақиқасида “Астон Вилла” дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бу вазиятдан Ванакен унумли фойдаланди ва жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди.

Шунингдек, кечаги учрашувларда “Шахтёр” – “Янг Бойз” 2:1, “Фейеноорд” – “Зальцбург” 1:3, “Интер” – “Арсенал” 1:0, “ПСЖ” – “Атлетико” 1:2, “Спарта Прага” – “Брест” 1:2, “Штутгарт” – “Аталанта” 0:2 ҳисоблари қайд этилди.

Европа чемпионлар лигасининг 4-туридан сўнг жадвалда «Ливерпуль» 12 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамга айланди. “Спортинг”, “Монако”, “Брест” ва “Интер” клублари эса бир хил 10 очко тўплаган ҳолда кучли бешликни якунлади.

“Барселона”, “Боруссия Дортмунд” ва “Астон Вилла” 9 очко билан 6-8 ўринларга жойлашган бўлса, “Аталанта” 8 очко жамғариб, 9 поғонага кўтарилди. Тўртинчи тур якунларига кўра, «Манчестер Сити», “Ювентус”, “Арсенал”, “Байер 04”, “Лилль”, “Селтик” ва “Динамо Загреб” клублари бир хил 7 очко тўплаб, голлар нисбатига кўра кейинги ўринларга жойлашди.  “Бавария”, “Реал Мадрид”, “Бенфика”, “Милан”, “Фейеноорд” “Брюгге” ва “Атлетико Мадрид” клублари 6 очко жамғарган ҳолда, “ПСВ” 5 очко билан кейинги турга йўл олди.

“ПСЖ”, “Спарта Прага”, “Штутгарт”, “Шахтёр” жамоаларида 4, “Жирона” ва “Зальцбург” 3 очкога эга. Бу мавсумни омадсиз ўтказаётган  “Болонья” бор йўғи 1 очко билан 31-поғонада қолди. “РБ Лейпциг”, “Штурм”, “Црвена Звезда”, “Янг Бойз” ва “Слован Братислава” очкосиз қолмоқда.

Европа чемпионлар лигасининг 5-тур ўйинлари 26-27 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА