Совринли ўринлар учун 60 дан зиёд чавандоз беллашди. Разрядга эга спортчилар учун йўналишдан ташқари, ташкилотчилар эркин тоифа – ҳам ҳаваскорлар, ҳам профессионаллар учун очиқ йўналишни ҳам назарда тутдилар.
7 майда Universal Horses stable от спорти клубининг базасида Ўзбекистон Республикаси Йилқичилик ва от спорти федерацияси кубоги учун конкур йўналишидаги мусобақалар ўтказилди. Мусобақа бутун Ўзбекистондан энг кучли чавандозларни жамлади.
Турнирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь ва Россиядан 60 дан зиёд чавандоз қатнашди. Дипкорпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари тадбирнинг фахрли меҳмонлари бўлдилар. Кубок Gusta Creations компанияси ҳаммуассислигида ўтказилди.
Ташкилотчилар 3 та йўналиш тайёрладилар.
- 12-14 ёшдаги иштирокчи-болалар учун йўналиш. Тўсиқлар баландлиги — 110 см.
- 5-6 ёшли ёш отлар учун йўналиш. Тўсиқлар баландлиги — 120 см.
- Эркин тоифа. Унда ҳам ҳаваскорлар, ҳам профессионаллар қатнашишлари мумкин бўлди. Тўсиқлар баландлиги — 140 см.
Кубок низоми ва ФЕИ (Халқаро от спорти федерацияси) стандартларига мувофиқ йўналиш тузиш билан халқаро тоифадаги курс-дизайнер Абдул Камол (Франция) шуғулланди.
«Ушбу Кубокдан кутилган мақсад – Ўзбекистонда от спортини оммалаштириш ва мақомини ошириш. Федерация отлар харид қилиш ва спортчиларни ўқитиш йўлида салмоқли саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Ўзбек чавандозлари Европага ўқув-машғулот йиғинларига бормоқдалар ва муносиб даражада қатнашмоқдалар, юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлмоқдалар. Спортни ривожлантиришда миллий турнирлар муҳим роль ўйнайди. Мамлакатда қанча кўп мусобақалар ўтказилса, шунча кўп ҳомийлар от спортини қўллаб-қувватлайди, спортчиларнинг жаҳон майдонидаги ютуқлари шунчалик ёрқин ва салмоқли бўлади. Ушбу Кубок конкур йўналишида янги исмларни кашф қилганидан мамнунмиз»,– деди Ўзбекистон Республикаси Йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев.
Мусобақа ғолиблари Бакарбони ДГ лақабли отда Фирдавсбек Давронбеков («Болалар» тоифасида), Этос лақабли отда Алишер Эркинов («Ёш отлар учун йўналиш»да) ва Класс Икс лақабли отда Аъзам Толиббоев («Очиқ тоифа»да) бўлди.
Мусобақа якунланиши билан ўзбек спортчилар Бишкекка йўл оладилар, у ерда Евроосиё лигаси Жаҳон кубогининг гран-приси ва Евроосиё лигаси Миллатлар кубогининг босқичи бўлиб ўтади.