ФОТОРЕПОРТАЖ

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган бокс бўйича эркаклар ўртасида жаҳон чемпионатининг саккизинчи кунида боксчимиз  Ойбек Жўраев мусобақадаги илк беллашувини ўтказди. -54 кг вазн тоифасида иштирок этаётган спортчимиз биринчи босқичда сербиялик Тамир Галанов устидан ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.

Боксчиларимиздан яна бир чиройли ғалаба. Ўзининг биринчи жангида барчада ёрқин таассурот қолдирган ҳамюртимиз Лазизбек Мулложонов навбатдаги рақибидан устун келди. -92 кг вазн тоифасида қатнашаётган Лазизбек бу гал грузиялик Гиорги Тчиладзени мухлислар қаторига кузатиб қўйди.

Шодиёржон Мелиқўзиев мағлубиятга учради

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасида жаҳон чемпионатидаги иккинчи йўқотиш. -48 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шодиёржон Мелиқўзиев қозоғистонлик Санжар Ташкенбайга имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.

Мужибилло Турсунов чорак финалда

Ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан -60 кг вазн тоифасидаги жангларни «ёндираётган» Мужибилло Турсунов учинчи жангни ҳам муваффақиятли якунлади. Марокашлик Муҳамед Ҳамутга қарши рингга кўтарилган юртдошимиз ушбу ғалабаси билан чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

Шоҳжаҳон Абдуллаев ҳам чорак финал йўлланмасини ҳал қилди

Андижон боксининг янги ниҳолларидан бири Шоҳжаҳон Абдуллаев (-86 кг) яна бир босқичдан муваффақиятли ўтди. Қозоғистонлик Сагиндик Тогамбайга қарши баҳс олиб борган юртдошимиз ўзининг аниқ ва кучли зарбалари билан рақибини ожиз қолдириб, чорак финал йўлланмасига эга бўлди.

Жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда.

ЎзА фотомухбири Муҳаммад АМИН олган суратлар.