Ҳиндистоннинг Аллеппи шаҳрида жорий йилнинг 1-6 май кунлари спортнинг пауэрлифтинг тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Эътиборлиси, ушбу нуфузли чемпионатда мамлакатимиз терма жамоаси сафида Олмалиқ кон-металлургия комбинати спортчилари ҳам иштирок этиб, салмоқли натижаларни қайд этди.
Жумладан, ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши жисмоний тарбия-спорт бўлими мураббийси Александр Романенко шогидларидан Константин Хардин 93 килограмм вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаб, Осиё чемпиони бўлди. Яна бир вакилимиз Кемран Ширинов ҳам 74 килограмм вазн тоифасида рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Кемран ҳам ўз ҳисобига Осиё чемпионлигини ёзиб қўйди.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда 84 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Елена Хардина ҳам Осиё чемпиони бўлди. Яна бир муҳим жиҳат ушбу спортчилар кўп йиллардан буён пауэрлифтинг билан шуғулланиб келиш баробарида Мис эритиш заводида ҳам меҳнат қилишади. Уларнинг ҳисобида кўплаб халқаро ютуқлар борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, олмалиқлик, Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Метин Ғафуров ҳам ёшлар ўртасида 105 килограмм вазн тоифасида барча рақибларидан устун келган ҳолда Осиё чемпиони бўлди. Осиё чемпионлари бугун пойтахтимиздаги аэропортда тантанали равишда кутиб олинди. Комбинат атлетлари эндиликда Ўзбекистон кубоги ҳамда Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришади.
ОКМК ахборот хизмати
ЎзА