Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Референдум – 2023” сиёсий тадбири муносабати билан волейбол бўйича “Директор кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни баркамол авлод қилиб шакллантириш ҳамда бўш вақтларини мақсадли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Мазкур филиалда ҳам бу борада самарали ишлар амалга оширилиб, ушбу спорт соҳасида ютуқларга эришаётган талабалар сафи кенгайиб бораётганлиги қайд этилди. Жумладан, жорий йилнинг 12-16 апрель кунлари Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳрида ўзбек жанг санъати бўйича бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақасида 2-босқич талабаси К.Серимбетова иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медаль соҳибасига айланди.
“Директор кубоги” мусобақасининг умумий натижасига кўра, фахрли биринчи ўринни Ветеринария медицинаси йўналишининг 1-босқич 101-гуруҳ талабалари эгаллади. Иккинчи ўринни Ветеринария медицинаси йўналишининг 3-босқич 303-гуруҳ талабалари эгаллаган бўлса, шу йўналишнинг 3-босқич 304-гуруҳ талабалари учинчи ўринни олишга муваффақ бўлди.
Совринли ўрин эгалари диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ғолиб жамоага “Директор кубоги” тантанали равишда топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири