Бугун, 5 май куни Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида камондан отиш спорт тури бўйича давом этаётган Осиё кубогининг 2-босқичи якунланади.

Осиёнинг 13 давлатидан 100 нафар спортчи иштирок этган бир ҳафталик қизғин баҳслар сарҳисобига кўра, барча йўналишларда медаллар учун кураш олиб борадиган спортчилар номи маълум бўлди.

Чемпионатнинг илк дастурларида қатнашган 8 нафар спортчимиз 4 йўналишда бронза медаллари учун курашиш имкониятига эга чиқди.

Ярим финалда имкониятни бой берган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг эркаклар, аёллар ва микст гуруҳи ҳамда яккалик беллашувда Зиёдахон Абдусатторова бугун белгиланган дастурда шоҳсупага кўтарилиш учун майдонга чиқади.

Бронза медали учун курашадиган эркаклар жамоаси Қозоғистон, аёллар жамоаси Грузия, микст йўналишида Хитой вакиллари билан баҳслашса, маҳоратли спортчимиз Зиёдахон Абдусатторова хитойлик Циаолейи Янь билан 3-ўрин масаласини ҳал этади.

Т.Рўзиев, ЎзА