Кураш бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати биринчи куни шиддатли ва ҳаяжонли баҳслар, кутилган ва кутилмаган натижаларга бой бўлди.
Азалий ғолиблар номи ҳам бугун ўрин алмашди. Ўз тарихида илк бор йирик кураш чемпионатига мезбонлик қилаётган хитойликлар курашда ўз сўзини айтди. Нафақат, ташкилий жиҳатдан зўр балки кучли жамоа билан олтин медаллар жамғаришда ҳам етакчилик қилмоқда.
Баҳслар якуни бўйича Хитой ва Ўзбекистон курашчилари 3 тадан олтин медалга эга чиқишди. Эрон ва Хитой тайпейиликлар ҳисобида эса биттадан олтин медаль.
Беш карра Жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ва кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов медаллар коллекциясини 2 бора Осиё чемпионати олтин медали билан тўлдирадиган бўлди.
У 2018 йил Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳам ғолиб бўлган эди.
Кураш мусобақалари тарихида илк бор Қирғизистон жамоаси 1 кумуш 2 бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, Филиппин, қозоғистонлик курашчилар ҳам биттадан кумуш медалга эга чиқди.
Бугун 29 апрель куни 7 вазн тоифасида баҳслар бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА