АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Вашингтонда бўлиб ўтган учрашув чоғида хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Веданта Пател маълум қилди.

Унинг баёнотига кўра, Блинкен ва Мередов “минтақадаги ўзгаришлар, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва иқтисодий имкониятлар соҳасида шериклик” ҳақида суҳбатлашишган.

АҚШ ташқи сиёсат департаменти раҳбари “АҚШ Туркманистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини” таъкидлади.

“Давлат котиби иқлим инқирозига қарши курашиш учун метан чиқиндиларини камайтириш муҳимлигини қайд этди ва Туркманистон билан нефть-газ секторида метан чиқиндиларини тезлик билан камайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятларини белгилаб олишди”, деди Пател.

Блинкен ва Мередов “маданий-маърифий соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини”, шунингдек, “Туркманистонда инсон ҳуқуқлари ва ишчилар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш” нуқтаи назаридан ҳолатни яхшилаш чораларини муҳокама қилди.

ЎзА