Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев соҳа ходимларини касб байрами билан муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни рағбатлантиришга қаратилаётган эътиборга тўхталди.

Таъкидланганидек, ҳар қандай халқнинг маданияти ва  санъатига бўлган ҳурмат – бу шу халқнинг ўтмиш тарихи, миллийлиги, урф-одат ва дастурларига бўлган ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бугунги байрам илдизи чуқур тарихга эга кўп миллатли халқимизнинг, бутун мамлакатимизнинг байрами десак, муболаға бўлмайди.

Айниқса, жорий йилда ушбу байрамнинг “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида ўтказилиши ҳар бир ижодкор қалбида ғурур ва ифтихор туйғусини пайдо этади. Маданият ва санъат ходимлари ҳақида сўз юритилганда, энг аввало,  бетакрор меҳнати билан халқимизнинг руҳий дунёсини бойитиб  келаётган машаққатли ва шарафли касб эгалари кўз олдимизга келади.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, соҳа ходимларига қулай шарт-шароит яратишга  ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга, аҳолининг маданий дам олишларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилингани бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Айниқса, яқинда Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида миллатлараро тотувликка бағишланган маданий тадбирда иштирок этиб, шу ерда қорақалпоғистонлик ижодкорлар, маданият соҳаси вакиллари билан мулоқот қилиши уларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлди.  Давлатимиз раҳбари миллий қадриятларни улуғловчи асарларни кўпроқ қўйиш, гастролларга чиқиб, ёшларни театрга қайтариш, маданиятини бойитиш муҳимлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш  Президентимиз эътиборида турган аҳамиятли масалалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” ги Қонунининг қабул қилиниши, шаҳар ва туман марказларида замонавий амфитеатр, маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ишга туширилиши, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятига қаратилаётган эътибор, иқтидорли ёшларнинг “Ниҳол” ва Зулфия номидаги Давлат мукофотлари билан тақдирланиши, “Маданият ва санъат фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилиши  бунинг яққол исботидир.

Тадбирда бир гуруҳ соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикаси унвонлари, кўкрак нишонлари ва Фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.

Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА