Бугун, 15 апрель куни телеграм тармоғидаги бир нечта каналларда “Огоҳ бўлинг: Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқланди” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларга Қозоғистон телеканалининг “24КЗ” телеканали орқали намойиш этилган лавҳа асос бўлди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор суриштирув ва ўрганишлар олиб борилиб, дастлабки натижаларига кўра Қозоғистон томони Ўзбекистондан импорт бўлган помидор маҳсулотларида помидор жигарранг вируси (Tomato brown rugose fruit virus) ва бошқа карантин касалликлар аниқланганлиги юзасидан маҳсулотларни орқага қайтариш ҳолати кузатилмаган ва эътирознома (нотификация) жўнатмаган.  

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон ва Қозоғистон карантин хизматлари ўртасида тезкор равишда музокара олиб борилиб, ушбу тарқалган хабарга изоҳ берган фитосанитария хизматининг Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудий инспексияси раҳбари И.Бегасилов помидор жигарранг вируси аниқланиш ҳолати юзасидан импорт бўлган 43 тонна помидор маҳсулотида айнан Ўзбекистондан юкланган маҳсулотида хавфли вирус қайд этилмаганини телефон мулоқотида тасдиқлади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, мамлакатимиздан помидор экспорти  бўйича Агентлик томонидан 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида импортёр давлатларнинг фитосанитария талабларига мувофиқ жами 24 147 тонна (шундан 14 424 Қозоғистон Республикасига экспорт учун) помидор маҳсулотига халқаро фитосанитария сертификати берилган. Ўз навбатида импортёр давлатларнинг карантин хизмати томонидан номувофиқлик ҳолатлари аниқланганлиги юзасидан эътироз ҳолати қайд этилмаган.

Жаҳон бозорига хавфсиз, текширилган ва турли касалликлардан ҳоли маҳсулотларни чиқариш, халқаро қишлоқ хўжалиги майдонида Ўзбекистон бренди нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулоти партиясидан намуналар олиниб, Марказий фитосанитария лабораториясида экспертизадан ўтказилиб, лабораториянинг хулосасига кўра экспорт\импорт жараёнлари амалга оширилади. Жумладан, помидор жигарранг вирусини аниқлаш учун ҳам намуналар 8 соат давомида махсус полимераза занжир реакцияси (ПЗР) тестидан ўтказилади.