Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унга мусиқа, адабиёт, хореография, кино, театр, тасвирий санъат,  мусиқа таълими соҳаси, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков бизнинг жаҳон саҳналарида муносиб тарзда намойиш эта оладиган, йиллар давомида сайқалланган бетакрор санъатимиз борлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда миллий санъатимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга эътиборни кучайтиришга оид ишлар янги босқичга кирди. Бунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар, ижод аҳлининг фикр-мулоҳазаларини, амалий таклифларини инобатга олган илғор ташаббусларнинг қабул қилинаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоя асосида Маданият ва туризм вазирлиги ташкил этилиб, унинг таркибига соҳага бевосита дахлдор ижодий ва жамоат тузилмаларининг жамлангани санъат ва маданият йўналишидаги саъй-ҳаракатларнинг натижадорлигини оширишда янги имкониятларни очиши шубҳасиз.

Ўтган вақт мобайнида маданият муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактабларини зарур мусиқа чолғулари, инновацион техник воситалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар бажарилмоқда. Вазирлик томонидан бир қатор ижодий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жумладан, «Янги Ўзбекистон юлдузлари» танлови санъатнинг турли йўналишларида самарали меҳнат қилаётган ижодкорларни аниқлаш имконини берди. Шу кунларда «Юлдузли маданият карвони» мусиқий дастури мамлакатимиз  бўйлаб йўлга қўйилди. Айни пайтда ижод аҳли учун яратилаётган шароитлардан унумли ва оқилона фойдаланиш соҳа равнақи учун янги истиқболларни очиши шубҳасиз.

Тантанали тадбирда «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони санъатнинг турли йўналишларида меҳнат қилаётган ижодкорларга топширилди. Шу билан бирга Юнус Ражабий номидаги «Ёш мақом ижрочилари» республика танловида ғолиб бўлган ижрочилар тақдирланди.

– Кейинги йилларда юртимиз ва хорижда ижодий сафарларда бўлиш учун шароитлар яратилмоқда, – деди Наманган вилояти мусиқали драма театри актёри, «Маданият ва санъат» кўкрак нишони соҳиби Баҳодир Жўраев. – Янги-янги спектакллар саҳна юзини кўрмоқда. Жумладан, Исҳоқхон Тўра Ибрат ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи «Ибрат» спектакли тайёрланди. Нурулло Аббосхон қаламига мансуб ушбу асар  режиссёр Шуҳрат Абдуллаев томонидан саҳналаштирилган. Бу спектакль томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Тантанали тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА