Ҳиндистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардандир. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 1992 йил 18 мартда дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланган. Ўтган даврда ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида изчил ривожланмоқда.

Тошкент давлат юридик университетида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Деҳли университети ва Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро тадбир Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилидаги илк нашри тақдимотига бағишланди.

Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати хабар берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мамлакатимизда конституциявий ислоҳот жараёнлари давом этаётган ҳозирги вақтда Ҳиндистоннинг бу борадаги тажрибасидан фойдаланиш муҳимлигига эътибор қаратди. Жумладан, Ҳиндистоннинг конституциявий доктринасида Конституция устунлиги, давлатнинг республика бошқарувига асосланган демократик шакли, давлатнинг дунёвий эканлиги, ҳокимиятларнинг тақсимланиши принципи, шахснинг эркинлиги ва қадр-қиммати, миллатнинг бирлиги ва яхлитлиги, ижтимоий ва иқтисодий адолат концепцияси, эркин ва адолатли сайлов асослари белгилаб берилган. Бу муҳим ҳуқуқий тамойиллар янгиланаётган Ўзбекистон Конституцияси учун ҳам асосий қадриятлар ҳисобланади.

Ўз даврида Ҳиндистон Конституциясини ишлаб чиқишда дунёнинг бир қатор Конституциялари қиёсий ўрганилган ва улардан ижобий фойдаланилган. Бунда ҳуқуқий институтларнинг моҳиятига эҳтиёткорлик билан ёндашилгани ва уларнинг тизими синчковлик билан ишлаб чиқилгани, ўз навбатида, Ҳиндистон Конституциясининг кўплаб хорижий давлатлар Конституциялари учун намуна вазифасини ўташида муҳим омил бўлди.

Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилига илк таржимаси лойиҳа раҳбари, юридик фанлар доктори, профессор Омонулла Муҳаммаджонов, таржима ишларини бевосита ташкил қилган ва амалга оширган таржимонлар гуруҳи раҳбари Нодир Рамазонов, таржимонлар – Одилбек Ирисқулов, Маҳбуба Расулова, Нозима Нормуродованинг саъй-ҳаракатлари ва икки йиллик тинимсиз меҳнати эвазига амалга оширилди.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси лойиҳани молиявий ва илмий томондан қўллаб-қувватлади. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат жанобларининг бу борада кўрсатган ёрдами, айниқса, катта бўлди.

Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилидаги нашри аввало ёш авлод – бўлажак ҳуқуқшунослар учун мўлжалланган. Бошқа давлатлар конституциявий ҳуқуқи қаторида Ҳиндистон конституциявий ҳуқуқини ўрганиш ва Ўзбекистон тажрибаси билан қиёслаш ёш ҳуқуқшунослар учун ҳуқуқий тафаккурнинг янги уфқларини очиши шубҳасиз.

Тақдимотда, шунингдек, Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилидаги илк нашри икки мамлакат олимлари ўртасидаги кенг кўламли илмий изланишлар учун янги лойиҳаларга йўл очиши алоҳида таъкидланди.

ЎзА