Пойтахтимизда теннис бўйича аёллар ўртасидаги “Billie Jean King” кубогининг Осиё-Океания минтақаси биринчи гуруҳидан ўрин олган саралаш баҳслари давом этаётган бир паллада маҳоратли ракетка устаси Нигина Абдураимова Швейцарияда ўтказилаётган W60 турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда.

Мукофот жамғармаси 60 минг АҚШ долларидан иборат бўлган мазкур турнирнинг кеча ўтган илк баҳсида Абдураимова германиялик Мона Бартель билан рўбарў келди. 76 дақиқа давом этган ўйин 6/3, 6/4 ҳисобида Нигинанинг ғалабаси билан якунланди.

16 апрелга қадар давом этадиган турнирнинг иккинчи босқичида ҳамюртимиз франциялик Алисе Тубелло ва латвиялик Дарья Семенистая “дуэли”да муваффақият қозонган теннисчи билан кортга чиқади.

“Billie Jean King” кубоги Осиё-Океания минтақаси ўйинларига тўхталадиган бўлсак, кеча Ўзбекистон жамоасига омад кулиб боқмади. Мафтунабону Қаҳрамонова ва Оминахон Валихонова жуфтлиги хитойлик Жианг Ксиню/Янг Жао Хуан тандемига 0/6, 0/6 кўринишида имкониятни бой берди.

Яккалик баҳсларда Сабрина Олимжонова хитойлик Жианг Ксинюга 3/6, 1/6, Севил Юлдошева Женг Ву Шуангга 0/6, 1/6 ҳисобларида имкониятни бой берди.

Гуруҳнинг қолган дастлабки ўйинларида Ҳиндистон Таиландни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Япониялик теннисчилар Жанубий Корея терма жамоасини 3:0 ҳисобида доғда қолдирди.

Бугун, 12 апрель куни гуруҳдаги навбатдаги учрашувлар бўлиб ўтади. Унда  Япония – Таиланд, Хитой — Жанубий Корея ҳамда Ҳиндистон – Ўзбекистон жамоалари ўртасидаги ўйинлар ўтказилади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА