Фармон ва ижро

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳалар ривожида муҳим аҳамият касб этади. Бунда крипто-активлар айланмаси соҳасини олайлик. Ушбу йўналишда миллий крипто-бозорнинг институционал тузилмаси яратилиши, унда хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялашнинг янгиланган тизими жорий этилиши каби бир қатор ишларнинг амалга оширилганлиги ҳам бу каби ўзгаришлар билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг ўринбосари Даврон МАКСУДОВ билан суҳбатимиз ҳам ушбу крипто-активлар айланмаси соҳасида эришилган ютуқлар ва режалар хусусида бўлди.

– Даврон Санжархўжаевич, айтингчи, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолияти ва унинг вазифалари нималардан иборат?

– Аввалом бор, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бугунги кунда нафақат ижтимоий-сиёсий соҳаларда, жумладан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ўз фойдасини бераётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмасини тартибга солиш, мазкур соҳада фаолиятни амалга ошириш ниятида бўлган тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда иқтисодиётнинг янги соҳасини янада ривожлантириш орқали мамлакатимизга, хусусан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Президентимизнинг кўпгина топшириқлари берилган ва тегишли қарорлари қабул қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди ҳамда 2018 йил 1 октябрдан бошлаб крипто-активлар айланмаси соҳасидаги, жумладан, крипто-активлар савдоси бўйича крипто-биржалар яратиш фаолияти лицензияланиши лозимлиги юзасидан тегишли талаблар белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ ўша давр давомида тадбиркорлик соҳасининг янги бир тури бўлган крипто-биржа фаолиятини ташкил этиш ва уни тартибга солишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур соҳани тартибга солиш ва ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида 2019 йил нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам янгилик бўлган биринчи крипто-биржа фаолиятига тегишли лицензия берилди.

2020-2021 йилларда дунёнинг барча мамлакатлари ҳудудида коронавирус пандемияси жадал тарзда тарқалганлиги ва глобал иқтисодиётга кучли таъсир кўрсатганлиги натижасида дунё ҳамжамияти томонидан крипто-активларга бўлган талаб янада кучайиб борди. Бу эса, ўз навбатида, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ҳукуматлари учун янги бир синов бўлди.

Ташкилотимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳамда ўз фаолиятида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор этиб белгиланган.

Крипто-активлар айланмаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, крипто-активлар айланмаси соҳасида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш,  крипто-активлар айланмаси соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш каби бир қатор вазифалар Агентлик зиммасига юклатилган.

– Ўтган вақт мобайнида крипто-активлар айланмаси соҳаси ривожи йўлида қандай ишлар олиб борилди?

– Юқорида келтирилган талаблар асосида Агентлик мутахассислари томонидан ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларнинг мазкур соҳадаги илғор тажрибаси чуқур ўрганиб чиқилди. Мазкур соҳада чуқур тажрибага эга бўлган ҳам маҳаллий, ҳам халқаро экспертлар жалб қилинди. Агентлик томонидан соҳани ривожлантиришга тўсиқ бўлиши мумкин бўлган омиллар ва соҳани тўғри тартибга солиш, тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш, фуқароларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан 10 дан ортиқ йирик халқаро крипто-биржалар ва бошқа крипто-платформалар раҳбарияти ҳамда вакиллари билан кўпгина учрашувлар ташкил қилинди.

Ўтказилган учрашувлар натижаларига кўра, экспертларнинг тавсиялари ва эътирозлари асосида ҳужжат лойиҳаси мутахассислар томонидан қайта-қайта кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Агентлик мутахассиcлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш юзасидан ташкил этилган бир қанча халқаро конференциялар доирасида иштирок этиб, бошқа мамлакатларнинг крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли органлари ҳамда бошқа давлат органлари вакиллари билан тегишли учрашувлар ўтказиб, мазкур соҳаларда етарли даражада тажриба алмашди.

Шуни таъкидлаш керакки, Президентимизнинг  2022 йил 27 апрелдаги фармони билан киритилган қўшимчалар ва ўзгаришлар, авваламбор, мазкур соҳани янада ривожлантиришга жуда катта туртки бўлди. Яъни мазкур ҳужжат билан асосий тушунчалар белгиланди, унинг асосида соҳани тартибга солиш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши таъминланди.

– Очиғи,  крипто-активлар фаолияти ҳақида ҳалқимиз у даражада тушунчага эга эмас. Шу маънода, ушбу соҳа ишини кўпроқ танитиш йўлида олиб борилаётган ишлар қониқарлими?

– Бу масалада фуқароларнинг аксарият қисми рақамли ва молиявий саводхонлиги ҳамда соҳа юзасидан билим даражаси  қониқарли эмаслиги билан боғлиқ, деб биламан. Эҳтимол,  уларга яна бирмунча вақт керакдир.

Мазкур камчиликларни инобатга олган ҳолда Агентлик томонидан бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солинганлиги ва фуқароларимизга крипто-активларнинг ижобий ва салбий томонлари тўғрисида, жумладан, крипто-активларнинг нима эканлиги, унинг моҳияти ва технологик тузилиши, улар билан савдо-сотиқ операцияларини қай тарзда амалга ошириш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активларнинг ноқонуний айланмасини минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун 2021 йилдан бошлаб тегишли семинар ва ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, Агентлик мутахассислари томонидан Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олувчи талабалар билан крипто-активлар тўғрисида учрашувлар ўтказилмоқда.

Жумладан, фуқароларимизга крипто-активларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар, тегишли қонунчиликни қабул қилиниши натижасида фаолиятни олиб бораётган ва олиб бориш ниятидаги субъектларга – инвесторларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида тушунтиришлар олиб бориш мақсадида Агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларида бир қатор видеолавҳалар, кўрсатувлар, махсус саҳифа ва рубрикалар ҳамда радиоэшиттиришлар ташкил этилаётир.

Юқорида келтирилган барча маълумотлар, крипто-активларни ноқонуний айланмаси ва уларни ниқоб қилиб олиб ўзининг фирибгарлик схемаларига асосланган лойиҳаларни тарғиб қилаётган компаниялар ва уларни амалга ошириш схемалари юзасидан кўплаб маълумотлар Агентликнинг расмий веб-саҳифаси орқали ҳам оммага тақдим қилиб келинмоқда.

– Қайд этганингиздек, бугунги кунда тўртта крипто-дўконга фаолиятни амалга ошириш учун лицензия берилган.  Улар МДҲ ва Марказий Осиёдаги илк қонуний крипто-дўконлар саналади.  Шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– МДҲ мамлакатларининг ва бошқа ривожланган давлатларнинг крипто-активлар айланмасини тартибга солишдаги тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, ҳозирги кунда улар томонидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини кўришимиз мумкин. Бироқ мазкур ҳужжатларнинг аксарият қисми билан фақатгина крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солишда умумий талаб ва шартлар белгиланган.

Бизда эса крипто-активлар айланмасини тартибга солишдаги нафақат умумий талаблар, балки мазкур соҳада фаолият олиб бориши мумкин бўлган тегишли фаолият турлари ҳам белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги қарори билан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари этиб “майнинг” ва “крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар” фаолияти белгиланган. Хизматлар провайдерлари, ўз навбатида, “крипто-биржа”, “майнинг-пул”, “крипто-депозитарий” ва “крипто-дўкон” фаолият турларига тақсимланган.

Умумий талаб ва шартлар белгиланганидан сўнг, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган хизматлар провайдерлари турларининг учтаси (крипто-биржа, крипто-дўкон ва крипто-депозитарий) тўлиқ тартибга солинган. Яъни, уларни ташкил этиш ва амалга ошириш учун тегишли низом ва қоидалар ишлаб чиқилган ва қабул қилинган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган расмий бешта хизматлар провайдерлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Булар – битта крипто-биржа ва тўртта крипто-дўкон.

Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, мамлакатимизда фаолият юритаётган тўртта крипто-дўкон ростдан ҳам МДҲ мамлакатлари орасида ноёб ва расмий фаолият тури ҳисобланади.

Мамлакатимиз ҳудудида крипто-дўконлар фаолиятини амалга оширишнинг асосий талаблардан бири,  бу – крипто-дўконлар томонидан крипто-активларни сотиб олаётган ёки сотаётган шахсларни мажбурий идентификациядан ўтказиш ва крипто-активлар билан боғлиқ барча операциялар бўйича маълумотларни сақлашдир.

Маълумот учун, мазкур талаблар Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳи (ФАТФ), яъни мазкур йўналишда халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи ҳуқуматлараро ташкилот томонидан белгиланган.

Шу сабабли, крипто-дўкон фаолият тури, авваламбор, мамлакатимиз ҳудудида фуқароларимизга тез, қулай ва хавфсиз тарзда ўз крипто-активлари билан олди-сотди операцияларини амалга ошириш имкониятини яратиб бериш мақсадида ташкил этилганлигини таъкидлаш жоиздир.

– Крипто-активлар айланмаси фаолияти учун тўлиқ ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқилганми?

– Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳаси деярли тартибга солинган ва мазкур соҳада фаолият олиб бориш учун тегишли лицензия олиш талаб ва шартлари, шунингдек, юқорида келтирилган крипто-биржа, крипто-дўкон ва крипто-депозитарий фаолиятларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш учун тегишли низом ва қоидалар ҳам қабул қилинган.

Бугунги кунда мазкур соҳани тартибга солишга қаратилган 11 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ҳамда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларнинг фаолият турлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида майнинг ҳамда хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш юзасидан асосий талаб ва шартлар, крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятини амалга оширувчи шахслар учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини тасдиқлаш,  хизматлар провайдерларини лицензиялаш юзасидан тегишли низом, крипто-биржа, крипто-дўкон ва крипто-депозитарий фаолиятларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш учун тегишли низом ва қоидалар каби махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидан.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан крипто-активлар операцияларининг бухгалтерия ҳисоби тўғрисида ахборот хабари ҳам қабул қилинган.

Шуни таъкидлаш жоизки, крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш борасида олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи аъзо давлатларда ўзаро баҳолашнинг иккинчи босқичи давомида крипто-активларни тартибга солиш соҳасида (ФАТФнинг 15-тавсияси) яхши баҳоланиб “анча мувофиқ” рейтинг олишга эришилган. Мисол тариқасида, дунё бўйича мазкур соҳани тартибга солиш юзасидан бу каби рейтингга фақатгина 12 та давлат эришган. Улар орасида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги қувонарлидир.

– Суҳбатимиз якунида ташкилотнинг келгуси режалари хусусида айтиб ўтсангиз.

– Албатта, ҳар бир  ташкилот фаолиятида сарҳисоб ва режалар муҳим ҳисобланади. Қолаверса, крипто-активлар соҳасида технологияларнинг жадал тарзда ривожланиб ва ўзгариб бораётганлиги, соҳада янги фаолият турлари ва муносабатларнинг пайдо бўлиши Агентлик зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Шу боис, Агентлик мутахассислари олдига қўйиладиган вазифалардан бири,  бу  – мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, жумладан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш, крипто-активлар айланмасининг белгиланган тартибини бузганлик учун жавобгарликнинг алоҳида нормаларини белгилаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қабул қилинишини таъминлаш, майнингни рўйхатга олиш ва майнинг-пул фаолиятини тартибга солувчи идоравий норматив ҳужжатларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини таъминлашдир.

Шу билан бирга, Агентлик 2023-2025 йиллар давомида миллий крипто-бозор иштирокчиларининг институционал базасини кенгайтириш, яъни хорижий хизматлар провайдерларини мамлакатимизга  жалб қилиш ва уларга кўмаклашиш чораларини кўриш, иқтисодиётнинг турли тармоқларига инвестицияларни жалб қилиш учун инвестицион токенларини чиқариш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш, ихтисослашган халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда  крипто-активлар айланмаси соҳаси юзасидан кенг тарғибот ишларини олиб боришни режалаштирмоқда.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.