Муносабат
Мутахассис икки соҳани ажратиб турадиган жиҳатлар хусусида фикр билдирди
ЎзА мухбири мавзу юзасидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети “Интернет журналистикаси ва медиаменежмент” факультети декани Гулнора Зокирова билан суҳбатлашди.
– Бугунги кунда миллий журналистикамиз ривожида интернет оммавий ахборот воситаларининг ўрни яққол ажралиб турибди. Мутахассис сифатида айтингчи, аслида интернет журналистикаси тушунчаси нимани англатади?
Шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида интернетнинг ўрни алоҳида. Зеро, бугунги кун ҳар қандай соҳа вакилларидан технологик билим, ахборот олами билан ишлай олиш қобилиятини талаб этмоқда.
Ижтимоий тармоқ, интернет нашрлари глобал ахборот минбарига айланган. Ушбу ҳолат билан боғлиқ равишда турфа муаммолар юзага келаётганига табиий жараён сифатида қаралаётгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Журналистлар айни майдонда фаолият олиб бораётган шахслардир.
Умуман, журналист – ижодкор. Хусусан, Интернет журналистикаси ўта фаолликни, доимий ҳушёрликни, янги даврда янгича фикрлашни тақозо этмоқда. Ахборот ҳар соатда, ҳатто, ҳар дақиқада янгиланади. Бу ўринда муайян кун воқеасини эмас, балки аниқ бир тадбир тафсилотини, воқеанинг боришини тезкор ёритиш назарда тутилади.
Журналист тезлик тамойилини унутмаган ҳолда, шаффофлик, тўғрилик, холисликка ҳам қатъий риоя қилиши шарт. Ахборотга нисбатан эҳтиёж журналистдан айни шу сифатларни талаб этади. Маълумот кўплиги сабабли хабарни “фактчекинг” қилиш замонавий журналист зиммасидаги мажбурият, деб биламан.
Ижтимоий тармоқдаги салбий, баъзан фожеали хабарлар инсон онгига тезроқ таъсир қилиши исботланган. Бундай маълумотни таҳлил қилиш, тўғрилигини тасдиқлаш, ўқувчига ҳаққоний ахборотни етказиш кишидан алоҳида маҳорат талаб қилади.
– XXI аср блогер ва журналистлар даврига айланмоқда. Ижтимоий тармоқни турфа хил видео контентлар қамраб олди. Афсуски, буларнинг ҳаммаси ўқувчига маънавий билим, муҳим ва зарур ахборот беради, деб бўлмайди. Умуман, мана шундай, таъбир жоиз бўлса, оммабоп маълумотлар йиғиндиси билан касбий фаолияти маҳсули ўртасидаги фарқ нимада? Бошқача айтганда, бугун журналист ва блогерни қандай жиҳатлар ажратиб туради?
Бугунги кунда кўпчиликнми, жумладан мутахассис сифатида мени ҳам тез-тез ўйлантирадиган, баъзан қийнайдиган савол бердингиз. Менга фолса, бу икки соҳа вакилларини таққосламаган бўлардим. Журналист – муайян соҳа вакили. Блогер эса аксарият ҳолларда ўз қизиқишидан келиб чиқиб фикр юритади.
Мамлакатимизда яратилган ахборот эркинлиги муҳити ҳар бир юртдошимиз олдига шунга ўхшаш кўплаб саволларга маърифатли жавоб қайтара олишдек ғоят муҳим вазифа қўймоқда. Ҳақиқий журналистика таҳлил қилади, тадқиқ этади, шарҳлайди, дунёқарашни шакллантиради, кишини фикрлашга ундайди, йўналтиради, кўнгилларга завқ-шавқ бағишлайди.
Блогер эса бундай масъулиятни ҳис этиши шарт эмас, у ўз зиммасига ҳеч қандай мажбуриятни олмаслиги ҳам мумкин. Ахборот кўчиши суръати шиддатли тус олган айни замонда журналист маҳоратини ишга солиб, таҳлил ва текширув ўтказиб, ахборотни манзилга етказгунича блогер бор гапини тезкорлик билан тарқатиб бўлади.
Назаримда, бу менинг шахсий фикрим, блогерлик – вақтинча, яъни замон талабига мос фаолият тури. Журналистикага эса боқий, ҳеч қачон эскирмайдиган касбий машғулот, дея таъриф берган бўлардим.
– Интернет журналистикаси факультети декани сифатида ўзингиз қандай материалларни кўпроқ ўқийсиз? Ахборот хуружи кучайиб, сўз рақобатнинг икки томони учун кучли воситага, ҳатто, таъбир жоиз бўлса, қуролга айланган бир даврда ёш журналистларга қандай тавсия берган бўлардингиз?
Интернет шиддат билан ривожланаётган жамият аъзоси сифатида турли сайтлар, ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали янгиликларни мунтазам кузатиб бораман. Ёшларимизга ҳам кўпроқ профессионал соҳа вакиллари минбарларини тавсия қилган бўлардим.
Масалан, расмий ахборот агентлиги – ЎзА сайти орқали энг ишончли маълумотлардан бохабар бўлиш мумкин. Қолаверса, ўқувчини таҳлилга ундовчи, жамиятдаги долзарб муаммоларга доимий равишда муносабат билдириб борувчи фаол блогерларнинг чиқишларини ҳам назардан четда қолдирмайман.
Бўлғуси журналистлар, умуман, ёшлар дунёқарашни кенгайтирадиган, билим захирамизни бойитадиган маҳсулот билан тўлдириш муҳимлигини англаб етишларини истардим. Фойдали ахборотни эса доим ҳам ўқувчиси кўп контентдан эмас, балки таҳлилий ёндашилган материаллардан қидириш мумкин.
Медиа оламидаги материалларни бир-бири билан таққослай олиш ҳам муҳим. Айниқса, интернет, ижтимоий тармоқ орқалил тез тарқалаётган ахборотни тўғри талқин қилмаслик, айрим ҳолларда, халқаро ҳамжамиятдаги мавқеимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Умуман, нафақат журналистлар, балки барча ёшлар, жамиятнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган ҳолда, муайян воқеа-ҳодисага, масала ёки муаммога муносабат билдириши лозим. Зеро, давлатимиз раҳбари кўп бор таъкидлаганидек, жамиятнинг эртанги кунини ёшлар билан биргаликда қурамиз. Ўз келажагига бефарқ бўлмаган фуқаро, албатта, ўз қарашига эга бўлади, ўз позициясини ҳимоя қила олади.
– Хабарингиз бор, яқинда блогер Фарход Маннопов вафот этди, бутун мамлакат шу ҳақда гапирди, ёзди, хотирлади. Ўша ҳафта икки нафар журналист ҳам ҳаётдан кўз юмди…
– Мен профессионал соҳа билан ҳаваскор соҳа вакилларини солиштирмаган бўлардим. Блогерлар фаолиятига ҳеч қандай эътирозим йўқ, бироқ ёшларимиз бугун, айнан, блогерлар фаолиятини кўпроқ кузатишади. Сабаби – улар тайёрлаётган контент ёшларнинг онги тез қабул қиладиган услубда, осон ҳазм қилишга мўлжалланган.
Профессионал журналист, асосан, жиддий мушоҳада қилишга ундовчи материал ёзганидан-ми, ёшларнинг қабул қилиши, тушуниши бироз қийиндек, назаримизда. Бу авлодлар алмашинуви билан ҳам боғлиқдир, эҳтимол. Яъни ҳозирги авлод бошқача руҳда улғаймоқда.
Блогер Фарход Манноповга келадиган бўлсак, аввало, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, тўғриси, у йигитни танимасдим. Умуман, блогерлар фаолиятини кузатмайман. Айримларининг исмини эшитган бўлишим мумкин. Ўша куни эрталаб Фарходнинг ўлими ҳақида тарқалган хабарлардан кейин ижтимоий тармоқдаги саҳифасини кўриб, яхши маънавий тарғиботчи бўлганига амин бўлдим. Тайёрлаган маҳсулотлари билан ёшларни одамларга кўпроқ яхшилик қилиш, ота-онага нисбатан ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга чақирган экан. Бундай контентлар ижтимоий тармоқ орқали тарғиб қилиниши мақсадга мувофиқ, албатта. Фақат, бу журналистика ортда қоляпти, блогерлар журналистлар ўрнини эгаллаяпти, дегани эмас!
Ўша кунлари оламдан ўтган журналистларни ёшлар яхши танимаслиги мумкин. Яъни, бу ҳолатга яна ўша авлодлар алмашинуви нуқтаи назаридан қараш керак. “Журналистларни ёшлар танимайдими?” деган саволга жавобим эса шу: улар журналистларни билади, фақат ўз замонаси қахрамонларини кўпроқ танийди…
Хулоса шуки, қарс икии қўлдан чиқади. Ёшларимизнинг ҳаракати, қизиқиши, фикр-мулоҳазаси жамиятимиз тараққиётини белгилайди. Шундай экан, “Тўртинчи ҳокимият” дея эътироф этиладиган оммавий ахборот воситалари ролини, халқ олдидаги мажбуриятини эслаб, эслатиб туриш вазифамиз.
Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.
ЎзА