Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тизимидаги Ўзбекистон агро ахборот инновация маркази АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Қишлоқ аёлларини лидер фермер аёллар орқали аграр тармоққа қўшилган қиймат занжирига жалб этиш ва уларнинг турмуш даражасини яхшилаш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа АҚШнинг кичик грантлар дастури орқали молиялаштирилмоқда.
Лойиҳанинг мақсади қишлоқдаги хотин-қизларни лидер фермер аёллар билан боғлаш, улар орқали даромади паст, кам таъминланган аёлларга кўмаклашиш, қишлоқ шароитида томорқасидан самарали фойдаланиш, иссиқхона хўжаликлари, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа фаолият билан шуғулланиш орқали қўшимча даромад топиш ҳамда турмуш даражасини яхшилашга қаратилган.
Ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида фаолият юритувчи фермер аёллар орасидан чиққан лидерлар ўз ҳудудидаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд аёлларни қишлоқ хўжалигига жалб этиб, уларнинг даромадини оширишга кўмаклашади.Негаки, лойиҳа доирасида ҳудудларда истиқомад қилувчи аёлларга томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом-ашё билан ёрдам кўрсатиш, етиштирилган маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун етакчи-лидер фермер аёллар бириктирилади.
Бунинг учун эса мутахассислар ҳар бир ҳудудларда бўлиб, фермер аёлларнинг лидерлари билан учрашиб, қишлоқдаги хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишга эришишди.
ЎзА