Президент ташрифидан сўнг…
Бугун ахборот технологиялари татбиқ қилинаётган соҳа борки ривожланиб бормоқда. Шундай экан келажакни бусиз, шу йўналишдаги мутахассисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Жаҳонда ахборот технологиялари бўйича ўзига хос бозор шаклланиб бўлди. Бу бозор кенгайиб бормоқда. Ундан мустаҳкам ўрин эгаллаш эса долзарб масалага айланиб бораверади. Шу жиҳат инобатга олиниб юртимизда катта ислоҳотлар бошланган. Хусусан, сўнгги олти йилда соҳага катта миқдорда инвестиция йўналтирилди. Бу борадаги ишлар эса давом этаётгани қувонарли.
Шахсан Президент ташаббуси билан барча ҳудудларда IT-парклар ташкил этилди. Бунинг натижасида 14 минг нафардан ортиқ йигит-қиз юқори даромадли ишга эга бўлди. Ахборот технологиялари бўйича билимга эга бўлиб, ўзини ўзи банд қилаётган мутахассислар бир неча ўн мингтани ташкил этаётгани муболаға эмас.
31 март. Урганч шаҳри. Президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Хоразм вилояти филиалида. Давлатимиз раҳбари шу ерда ёшларнинг фикрларини эринмасдан эшитди. Самарали ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Муҳаммад ал-Хоразмийдек буюк инсонлар авлоди бўлган ёшларимиз ахборот технологиялари соҳасида ҳам юқори натижаларга эришиши, бунинг учун барча имкониятлар етарлилиги таъкидланди.
Урганчдаги ушбу IT-парк дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилган йирик мажмуа саналади. Бу лойиҳа учун 15 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Натижада йилига 4 минг 500 нафар ёшни ахборот технологиялари йўналишида ўқитиш ва IT хизматлар кўрсатиш қувватига эга ушбу замонавий марказ бунёд этилди.
Бугун бошқа ҳудудларда ҳам мана шундай IT-парклар очилиб, самарали фаолият юритмоқда. Бу орқали кўплаб ёшлар юқори даромадли иш билан таъминланди.
– Бу ерда 250 нафар хоразмлик ёш доимий иш билан таъминланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов. – Бундан ташқари минглаб ёшларни соҳа бўйича ўқишга тайёрлаш имкони яратилди. Давлатимиз раҳбари Юқори Чирчиқ туманидаги “Astrum” IT академияси каби таълим марказларини ҳамма ҳудудларда ташкил этиш вазифасини қўйган эди. Ана шу шароит бу ерда яратилган. Ҳозир бу ерда қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, хоразмлик қизларни IT соҳасига қизиқтириш бўйича ҳам ташаббус қўллаб-қувватланган. Биласиз, ахборот технологиялари соҳасида хизматлар масофадан ҳам кўрсатилади. Бу мутахассисликни эгаллаган аёлларимизга уйдан чиқмасдан яхши даромад топиш имконини беради.
Таъкидланганидек, бу ерда ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳамда IT хизматларини экспорт қилиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Мақсадлар ҳам шунга яраша, жорий йилда экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.
– Президент шу ернинг ўзида IT-парк резидентлари, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган ёшлар билан мулоқот қилди, – дейди Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Хоразм вилояти филиали раҳбари Умидбек Жуманиёзов. – Улар учрашувдан сўнг ўзларининг фаолиятида янги босқич бошланишини, ўзига хос руҳ олганини айтишди. Ҳозир вилоятимизда тарқоқ юрган дастурчилар бир жойга жамланди. Бунинг натижасида IT-парк резидентлари уч бараварга, яратилган иш ўринлари тўрт бараварга ошди. Кучли мутахассислар бир жойда иш олиб борса натижа шунга ҳамоҳанг юқори бўлади. Бу ерда улар бир-бирларидан керак бўлса тажриба орттиришади.
“DATA” ўқув маркази – IT-парк резидентларидан бири. Мазкур инновацион ўқув маркази 2019 йилда фаолият бошлаган бўлиб, бу ерда ёшларга IT соҳаси бўйича қатор йўналишларда сабоқ берилади. Хусусан, робототехника, веб-дастурлаш, 3D анимация, архитектура ва дизайн, киберхавфсизлик каби йўналишларда мутахассислар тайёрланади.
Хоразмда бу каби лойиҳалар қўллаб-қувватланаётгани эса соҳа истиқболида жуда муҳим. Ахборот технологиялари йўналишида билимга эга бўлган ёшларни иш билан таъминлаш, IT марказлари фаолиятини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб бошлагани қувонарли.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири