Шифокорларнинг айтишича, кўплаб касалликлар соғлом турмуш тарзига амал қилмасликдан келиб чиқади. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар аҳолига етарли даражада етказилмаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Афсуски, бу ҳақиқат, жойларда бу мавзуда аҳоли учун кенгроқ тушунтиришлар ва кўпроқ тарғибот ишлари олиб борилиши лозим.

Мисол учун, соҳа мутахассислари тўғри овқатланишнинг ўзига хос тартиблари мавжудлиги, унга риоя қилиш зарурлигини бот-бот таъкидлайдилар.

Жумладан, кун давомида 3 маҳал овқатланиш тартибига амал қилиш ва тавсия этилаётган таомлар: сут, сариёғ, ширгуруч, пишлоқ, творогни нонуштада истеъмол қилиш зарур. Шу билан биргаликда, тушлик учун ҳам алоҳида тавсиялар мавжуд. Кечки овқатда эса баъзи таомларни ейиш тавсия этилмайди.

Бу борада Тошкент тиббиёт академияси Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси кафедраси мудири, профессор Низом Эрматов батафсил тўхталди.

«Дунё ҳамжамиятида юзага келадиган ўлим ҳолатларининг ўнта асосийсидан олтитасини олсак, бу соғлом овқатланиш бузилиши билан келиб чиққан ҳолат бўлади» дейди профессор.

Суҳбат давомида шунингдек, ошқозон ва ичак касалликлари, танада ортиқча вазннинг ортиши, эркакларда қорин соҳаси катталашувининг келиб чиқиши, қабзият, қандли диабетга шароит яратадиган омиллар билан боғлиқ саволларга ҳам тўхталиб ўтилди.

М.Эшмирзаева, Д.Якубов