Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси халқаро касаба уюшмалари ҳаракатига янада интеграциялашув масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Брюсселдаги Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ХКУК) штаб-квартирасига ташриф буюрди.

Сафар дастури доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Бош котиб Люк Триангл билан учрашди. Люк Триангл Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси фаолияти ҳақида маълумот берар экан, унинг 170 мамлакатдан 200 миллион ишчи-ходимни қамраб олган энг йирик халқаро касаба уюшмалари бирлашмаси эканини алоҳида таъкидлади ва Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракати билан боғлиқ вазият ҳақида қизиқди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси мамлакатимизда ўтган йиллар давомида касаба уюшмалари ҳаракати эришган натижалар ва унинг бугунги кундаги жамиятда тутган ўрни ҳақида батафсил тўхталди. Қудратилла Рафиқов ўз сўзида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қарийб ўн йилдирки, ХКУКнинг ассоциацияланган аъзоси экани, аслида эса бу йиллар мобайнида мамлакатда кўп нарса тубдан ўзгаргани ҳақида сўз юритди.

Жумладан, ўтган 7 йил ичида мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазият кескин ўзгарди, деди Қ. Рафиқов, – Шавкат Миромонович Мирзиёев Президентликка сайлангач, мамлакатда, энг аввало, жамиятнинг кескин ўзгариши юз берди. Биз ўзаро қардош ва қондош бўла туриб ўз қўшниларимиз билан ҳам кўнгилдагидек муносабат ўрната олмайдиган ҳолатда эдик. Чегаралар ёпиқ эди. Ўзаро фуқаровий муносабатлар ҳақида эса умуман гап ҳам йўқ эди. Ҳозирда биз яқин қўшнилар билан бутунлай дўстона, яқин ва қардошлик муносабатларини ўрнатдик. Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликларимиз тубдан ўзгарди.

Сизга битта мисол тарзида баён этсам, деди Қ.Рафиқов, – Куни кеча Ўзбекистонда ўз ишини якунлаган Халқаро Инвестиция Форумида 93 та давлатдан 2500 дан ортиқ инвесторнинг иштирок этгани мамлакатимизнинг нечоғли очиқ ва демократик тамойиллар асосида ривожланаётгани, танлаган йўли ҳақида далолат бериб турибди.

Жамиятда сўз эркинлиги, фуқароларнинг барча соҳалардаги ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида инқилобий ўзгаришлар рўй берди. Бу эса ўз-ўзидан касаба уюшмалари фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолгани йўқ. Сўнгги йилларда касаба уюшмалари мустақиллигини таъминловчи “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Касаба уюшмалари инспекцияси қайта тикланди, бу эса касаба уюшмалари уставида белгиланган вазифаларни бажаришда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда ЎзКУФ 6 миллиондан ортиқ аъзога, 14 та тармоқ, 14 та ҳудудий ташкилот ва 34 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотига эга. Касаба уюшмалари қонун ижодкорлигида иштирок этиш бўйича катта ваколат ва ҳуқуқларга эга бўлди. Бунга мисол тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига касаба уюшмаларидан 500 дан ортиқ таклиф киритилиб, уларнинг 70 фоиздан ортиғи қонун ҳужжатларида ўз аксини топганини келтириш мумкин. Жамият ҳаётида катта тарихий қадам сифатида қабул қилинган янги Меҳнат кодексида Касаба уюшмалари томонидан билдирилган 200 дан ортиқ таклиф ўз аксини топгани бу фикрни тўла асослайди.

Ҳар чоракда касаба уюшмалари мамлакатда меҳнатни муҳофаза қилишнинг аҳволи тўғрисида ҳукуматга таҳлилий маълумот киритади ва уни кўриб чиқиш натижалари бўйича барча вазирлик ва идораларга меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазиятни тузатиш бўйича топшириқлар берилади. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси ташкил этилган бўлиб, у Бош жамоа келишувининг бажарилишини назорат қилади ва бугунги кунда ушбу комиссияга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раислик қилади.

Қизғин мулоқотлар чоғида Қ.Рафиқов, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро касаба уюшмалар конфендерациясининг тўлақонли аъзоси мақомини олиш истагида эканини таъкидлади. Суҳбат чоғида Л.Триангл Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги фаолиятини юқори баҳолади.

Шу билан бирга, у Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракати билан яқиндан танишиш учун мамлакатимизга ташриф буюриш истагини билдирди. Қ.Рафиқов Бош котибнинг бу истагини тўла қўллаб-қувватлаши ҳамда унинг раҳбарлигидаги ХКУК миссиясининг мамлакатимизга ташрифи икки томонлама муносабатларнинг ривожига хизмат қилишини мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Европа касаба уюшмалари конфедерацияси (ЕКУК) ва Бутуневропа минтақавий касаба уюшмалари кенгаши (БМКУК) Бош котиби Эстер Линч билан ҳам учрашувлари бўлиб ўтди.

Қ.Рафиқов Эстер Линч эътиборига 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгаши ташкил этилгани ва унинг ўтган йиллардаги муваффақиятли фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, учрашувда туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Ушбу икки касаба уюшма бирлашмалари ҳам ўз фаолиятини ХКУК ва ЕКУК билан ҳамкорликда ҳамда уйғун тарзда олиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Суҳбат чоғида Линч хоним Ўзбекистонга ташриф буюриш ва мамлакат касаба уюшмалари ҳаракати билан яқиндан танишиш, бошланғич касаба уюшма ташкилотларида бўлиш ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини таъкидлади. У Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё касаба уюшмалари ўртасида учрашув ўтказиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

ЎзА