Тошкентда “Mebel Expo Uzbekistan 2024” кўргазмаси иш бошлади (+видео)

405

Жорий йилнинг 28 май куни “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Ишлаб чиқариш технологиялари. Ёғочсозлик. Мебель ва бутловчи қисмлар – Mebel Expo Uzbekistan 2024» 20-юбилей халқаро кўргазмаси иш бошлади. Унда 14 мамлакатдан 144та компания иштирок этмоқда.

Кўргазма павильонларида замонавий ёғочсозлик ва мебель, бутловчи қисмлар, кимёвий воситалар, фурнитура, аксессуарлар, тайёр мебеллар ва ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар намойиш қилинди.

Унда Австрия, Туркия, Россия, Беларусь, Германия, Эрон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон каби давлатларнинг нуфузли компаниялари соҳанинг энг сўнгги янгиликлари, ўз хизматлари ва маҳсулотларини тақдим этди.

Айтиш керакки, мазкур кўргазма тайёр мебель маҳсулотлари, интерьер буюртмалари ва декор секторидаги етказиб берувчилар ва истиқболли ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ва алоқаларни ўрнатиш учун қулай майдондир.

Бу ерда ёғочсозлик ва мебель ишлаб чиқариш учун юқори технологияли замонавий ускуналарни сотиб олиш, биринчи қўлдан уни ишлатиш бўйича маслаҳат олиш, Европа ва Осиё етакчиларининг сифат кафолати билан ёғочни қайта ишлаш воситаларининг кенг тўплами билан яқиндан танишиш имкони яратилди.

Яна бир эътиборли томони кўргазмада илк бор алоҳида залда хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан мебель кимёси маҳсулотлари, елимлар, лак-бўёқлар ва ёғочга ишлов бериш учун қопламаларнинг кўплаб намуналари тақдим этилди.

Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА